Фракция аҳоли мурожаатларига қандай эътибор қаратмоқда?

09:06 23 Октябр 2018 Сиёсат
1968 0

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ва фуқаролар билан янгича ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан 19 та қонун лойиҳаси қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида киритилган бўлиб, уларнинг 15 тасида фракция аъзолари фаол иштирок этди. Қонунчилик ташаббускорларининг қуйи палатага киритган 118 та қонун лойиҳасининг 73 таси бўйича фракция аъзолари масъул бўлиб, уларни маромига етказишда жонбозлик кўрсатди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизматининг хабар беришича, айни пайтда фракция томонидан яна 3 та — “Маданият тўғрисида”ги, “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари тайёрланмоқда.

Юртимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Аммо, унинг самараси қандай?

Бу борада, аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, мавжуд бўшлиқларни тўлдириш керак. Афсуски, архивларда сақланаётган минглаб маданий мерос хусусиятига эга архив ҳужжатларининг алоҳида рўйхати ишлаб чиқилмаган, уларни ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгиловчи махсус қонуности ҳужжати қабул қилинмаган. Шу боис фракция аъзолари бу каби қонуности ҳужжатларини қабул қилиш бўйича чоралар кўриш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга таклиф киритди.

Шунингдек, жорий йилда халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишларини ўрганиш, муаммоларини ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллардан иборат ишчи гуруҳ 64 та туман ва шаҳарда бўлиб, таълим, тиббиёт, маданият, спорт, уй-жой ва коммунал соҳа каби қатор тармоқлардаги мавжуд ҳолатни яқиндан ўрганди. Аниқланган масалалар бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга 33 та депутатлик сўрови юборилиб, 29 та масала ижобий ҳал этилди. Қолганлари жойлардаги 2019 йилга мўлжалланган давлат дастурига киритилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, парламент ва партия сайтига, Қонунчилик палатасига фуқаролардан фракция аъзолари номига келиб тушган 1602 та мурожаат юзасидан ишлар олиб борилмоқда, хусусан, 1372 таси ижобий ҳал этилган, қолганлари тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга юборилиб, ижроси назоратга олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?