Фискал институт: Учинчи Ренессанснинг тамал тоши

15:25 13 Ноябрь 2020 Жамият
3010 0

Сармоя тикиш ҳам санъат. Масалан, бизнесда! Бунинг учун энг сердаромад ва истиқболли соҳалар танланиши бежиз эмас. Чунки тадбиркорликда асосий мақсад мўмай даромад олиш. Шунда капиталингиз катта фойда келтириши мумкин. Мазкур жараённи давлатлар, ҳукуматлар миқёсида таҳлил қилсак, энди мақсадлар ортида даромад эмас, эл-юрт манфаати устуворлиги аён бўлади. Шу тариқа келажакка сармоя тикилади. Бунинг энг мақбул ва оқилона йўли эса таълимга инвестиция киритиш! Зеро, инсон капиталига йўналтириладиган сармоялар доимо юқори наф келтирган.

Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини бежиз таъкидламади. Негаки, ҳадиси шарифда айтилганидек, «Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас». Бу ҳаётий ҳақиқат кундалик амалимизга кўчадиган пайт келди. Бунинг учун эса барча имконият ишга солиняпти.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ­Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори айни шу зарурат туфайли қабул қилинди.

Негаки, камолотнинг асоси — таълим-тарбия. Мактабгача, мактаб ва ўрта-махсус таълим натижаси тўлақонли бўй кўрсатиши эса нав­батдаги босқич — олий таълим сифати ва самарадорлигига боғлиқ. Зеро, ҳозирги глобаллашув шароитида замонавий билим ва кўникмаларга эга, профессионал ва рақобатдош мутахассислар тайёрлаш тобора стратегик аҳамият касб этаётир.

Хўш, Президентимизнинг юқоридаги қарори бу борада қандай устувор мақсадларни кўзда тутади?

Кадрлар тайёрлашнинг инновацион ечими

Молия ва солиқ соҳаси кадрлари — иқтисодиётимизни ҳаракатлантирувчи ­асосий куч.

Бироқ ўтаётган ҳар кунимиз янгиланишларга бой. Ҳар жабҳага инновациялар жадал кириб келмоқда. Демак, соҳа вакиллари билим ва салоҳияти ҳам шунга мос бўлиши шарт! Бунинг учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш тақозо этилаётганди. Айни шу вазифалар ижроси янги ташкил этилган Фискал институт зиммасига юклатилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, ҳужжатга кўра, солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магист­ратура йўналишлари бўйича кадрлар ­кредит-модуль тизими асосида тайёрланади. Қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини такомил­лаштириш, бу жараёнда хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, бу ерда етишиб чиқадиган мутахассислар илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва автоматлаштирилган таҳлил услублари билан ишлаш кўникмасига эга бўлишлари жоиз. Таълим даргоҳида фундаментал илмий тадқиқотлар олиб бориш натижасида ­инновацион лойиҳаларни жорий этишни кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.

Қарорга биноан, институт солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маъ­лумотли мутахассислар ҳамда илмий ­кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ­таянч олий таълим муассасаси қилиб ­белгиланган.

Талаба бўлажак иш жойида ўқийди!

Фақат аудиторияда ўтириб, маърузалар тинглаш билан талаба билимли бўлиб қолмайди. Назария ва амалиёт уйғунлигида гап кўп.

Шу боис институтда бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи босқич талабалари учун таълим жараёнини бевосита солиқ органлари маъмурий биноларида ташкил қилиш белгиланган. Јолаверса, институтда кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантиришнинг янгича тартиби жорий этилади.

Ўқиш жараёни ҳам анъанавий дарслардан анчайин фарқ қилади. Бунинг учун халқаро эътироф этилган ташкилотлар — “Quacquarelli Symonds World University Rankings”, “Times Higher Education” ва “Academic Ranking of World Universities” рейтингларининг барчасида етакчи ўринларни эгаллаган олий ўқув юртлари таълим дастурларидан фойдаланилади.

Тегишли фанлар бўйича янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини тайёрлашнинг комплекс дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади. 

Келажак сценарийлари қандай тузилади?

Халқимизда «етти ўлчаб, бир кес» деган нақл бор. Аммо ҳозирги тез ўзгарувчан даврда кўплаб масалалар, хусусан, Давлат бюджети маблағларини оқилона сарфлашда етти эмас, балки етмиш марта ўлчаш ҳам кам. Қолаверса, бундай пухта ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун чуқур ва тизимли таҳлил қила олиш маҳорати ҳамда салоҳияти талаб этилади. Бунга эришиш учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интернет имкониятларидан самарали фойдалана оладиган кадрларни тайёрлаш керак. Аммо, афсуски, баъзи мутахассисларимизда айни шу сифат кўрсаткичлари етишмайди. Фискал дастур ва лойиҳалар эса мураккаб ечимларни топишни тақозо этади. Шунинг учун ҳужжатда хорижий тилларни пухта биладиган ва АКТни яхши қўллай оладиган юқори малакали мутахассисларни етиштириш устувор вазифа этиб белгиланган. Бинобарин, қарорда талабаларда тизимли таҳлил маҳоратини шакллантириш зарурати таъкидланган ва бу чуқур маънога эга. Негаки, бундай маҳорат ­фискал мураккаб муаммоларни компьютер ёрдамида таҳлил қилиб ҳал этиш жараёнини англатади. У уч босқичда амалга оширилади. Дедактив (умумийликдан хусусийликка ўтиш) ёндашув ­асосида биринчи босқичда натижавий кўрсаткичга таъсир этувчи омиллар ва уларнинг натижага мутлақ ва нисбий таъсири таҳлил этилади. Иккинчи босқичда жараённи моделлаштириш асосида синтезлаш, умумий хулоса қилиш амалиётлари бажарилади. Мазкур бос­қич замонавий эконометрик усуллар ва дастурий инструментлар (“Big data”, “Data analysis”, “Stata” ёки “Eviews” дас­турлари) қўлланишини тақозо этади. Учинчи босқичда ўрганилаётган фискал лойиҳа ёки дастурлардан кутилаётган натижалар прогноз қилинади.

Хорижий мамлакатлар фискал сиёсат намояндалари Давлат бюджетига солиқ ва тушумларни йиғиш ва уларни сарфлашга тизимли ёндашиб, мураккаб қарорлар қабул қилишда айнан юқорида келтирилган “Data Analysis”, “Big Data” дастурларидан фойдаланадилар. Шу аснода самарасиз бўлган лойиҳалар рад этилади. Бундай тизимли қарорлар қабул қилиш беш босқичда амалга оширилади: муаммони аниқлаш, муаммони ҳал этишнинг муқобил ечимларини ифодалаш, лойиҳани амалга оширишга қўйилган иқтисодий ва ижтимоий мақсаднинг мезонини белгилаш, кўп вариантлардан муқобилини танлаш ва жорий этиш. Ниҳоят компьютерда дастур ва алгоритм ёрдамида келажакдаги сценарийлар тузилади ва ундан энг самарали битта ечим топилади.

Агар лойиҳани бажариш жараёнида вазият ва омиллар ўзгарса, компьютерда тезкор равишда қабул қилинган қарор ёки лойиҳага тузатишлар киритилади. Бу эса унга ажратилган давлат маблағларининг манзилли ва тежамли сарфланиши устидан доимо мониторинг қилишга имкон туғдиради, коррупция ҳолатларининг олди олинади. Лойиҳа ва дастурларни танлашда иқтисодий ва ижтимоий мезонларни қўллаш керак бўлади. Бозор иқтисодиётида фискал соҳада муқобил қарорларни танлаш ўртача иқтисодий кўрсаткичлар (ўртача фойда, ўртача даромад, ўртача харажат)га таяниб эмас, балки сўнгги ижтимоий самара (marginal social benefit, marginal social), аҳоли фаровонлигини ифодалайдиган кўрсаткич ва мезонлар асосида амалга оширилиши зарур. Бозор иқтисодиёти қонуниятларини ўргатадиган ва амалда қўллашга хизмат қиладиган айнан шундай илғор ама­лиётлар фискал институтда ўқитилади.

Кредит-модуль тизими нима учун керак?

Кредит-модуль тизимининг афзалликлари бисёр. Бу ҳақда матбуотда кенг ёритилган. Биз эса унинг қуйидаги жиҳатларига тўхталмоқчимиз.

Мазкур тизим қўлланилганда, модулни ўрганишга сарфланадиган ўқув соатлари нисбати амалий машғулотлар ва мустақил таълим учун оптимал тақсимланади. Хорижий мамлакатлар университетлари билан қўшма дастурлар ташкил этиш, талабалар алмашиш ва олий таълим дипломларини ўзаро тан олиш жараёнини осонлаштиради. Яна бир муҳим жиҳати, кадрлар тайёрлашда босқичли ёндашувни қўллашга хизмат қилади.

Модуллар соҳага алоқадорлиги ва кетма-кетлиги бўйича яхши тақсимланган. Талаба тўрт йиллик таҳсил давомида худди пиллапоялардан қадам-бақадам юқорилагандек, модуллар мураккаблигига мослашиб боради. Босқичлар оралиғидаги модуллар контентида такрорлаш юз бермайди, дарс берувчи устозлар маъруза матнини ва ўқув материалларини тузишда, албатта, қайси босқичда дарс бе­раётганига катта эътибор қаратади. Жумладан, қуйи босқичда модулдаги иборалар, таърифлар, қонуниятларга эътибор қаратилса, кейинги босқичларда талабанинг уларни қўллаш маҳоратига, танқидий фикрлашига урғу берилади. Сўнгги босқичда эса ўзи томонидан ишланма ва Қоялар яратишга аҳамият берилиб, пировардида мутахассис мустақил ишлаш ва ҳаётга тайёр бўлади. Бу хориж университетларида оддий ҳолатга айланган.

Кредит-модуль тизимида олий ўқув юртининг ташкилий тузилиши ҳам ўзгача бўлади. Устозлар, ахборот марказлари, кутубхона ва бошқа ходимларнинг ­асосий мақсади таълим-тарбия жараёнига, таълим олувчиларга қулайлик яратиш, ўқитиш сифатини оширишга қаратилади.

Пуч ваъдалар ошкор бўлади

Янги ташкил этилган институт фаолиятини самарали йўлга қўйишда хорижий мамлакатлар (Буюк Британия, АҚШ, ­Россия Федерацияси ва бошқалар) тажрибасини ўрганиш муҳим ва шарт. Бунинг натижасида фискал институтларнинг иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни олиб боришга қўшадиган ҳиссаси ва инсонлар турмуши, оиласи, бизнеси ҳамда давлат иқтисодиётига таъсири аниқланади. Масалан, Англияда COVID-19 аҳоли ижтимоий таъминотига қандай таъсир кўрсатади, истиқболда бу тизимда қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

Фискал тадқиқотлар институтининг яна бир афзаллиги унинг мустақиллиги ва холислигидир. Сайловларга тайёргарлик жараёнида партиялар ўз сиёсий дастурлари, манифестлари платформасини эълон қилишади. Кўпгина ташкилотлар, жумладан, прогрессив иқтисодий форум (PFE) фискал институтга ўз сиёсатини экс­перт баҳолаши учун тақдим этади. Бу ­институтнинг партия манифестлари, номзодлар сайловолди дастурлари ва ваъдалари юзасидан берган холис баҳоси ҳамда ахборот базаси дебату тортишувларга олиб келади. Ўз навбатида, сайловчиларга мақбул йўлни танлашларига хизмат қилади. Институт сиёсий партиялар, компаниялар ва гуруҳлар таъсиридан холи бўлгани боис янглиш қарорлар ва пуч ваъдаларни фош қилишда ташаббусни ўз қўлига олади.

Фискал институт тадқиқотлари уч муҳим жиҳати бўйича ажралиб туради: жараён ёки ҳолатнинг объектив таҳлили, мураккаб қарорларни тушуниш ва баҳолашга инструментлар яратиш ва сиёсий партия­лар платформаларини баҳолаш.

Лондонда жойлашган Фискал тадқиқотлар институти 1969 йилда ташкил топган бўлиб, Буюк Британия солиқ ва ­давлат сиёсати соҳасида академик ва фискал сиёсатга оид тадқиқотларни амалга ­оширади. Институтнинг мақсади иқтисодий муаммолар, жумладан, самарали солиқ ва бюджет сиёсатини ишлаб ­чиқишга йўналтирилган ижтимоий дебатлар, фикр-мулоҳаза ва Қояларни чуқур ­тадқиқ этиш орқали ҳаққоний ахборотлар беришдан иборат.

Пандемия даврида Ўзбекистонда глобал инқирозга қарши давлат дастури, ночор корхоналар ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, коронавирусга чалинган беморларни даволаш, эпидемиологик вазиятни яхшилаш, «темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» сингари дастурларни лойиҳалаш ва амалга оширишда хорижий мамлакатлар фискал ишланмаларидан фойдаланиш мумкин. Бундай лойиҳаларни истиқболда давлат харажатлари ва уларнинг самарасини экспертиза қилиш ва баҳолашга қодир фискал инс­титут мутахассислари амалга оширади.

Бир сўмимиз 100 сўм бўлиб қайтсин, десак...

АҚШ, Буюк Британия, Япония, ­Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларда таълим тизимига сарфланган бир сўм маблағ 13 — 15 баробар, Сингапурда эса юз баробардан зиёд наф келтирар экан. Аммо республикамизда бу кўрсаткич, афсуски, бор-йўҚи тўрт ­баробарни ташкил этади.

Буни нима учун эсладик? Чунки ­Давлат бюджети тақсимоти лойиҳаларини тузишда унинг қанча қисмини таълимга, қанчасини соғлиқни сақлашга, қанчасини мудофаага ҳамда қанчасини ижтимоий ҳимоя ва ҳоказоларга сарфлаш муаммоси юзага келади. Бундай қарорларни қабул қилишда мустақил фискал институти вакилларининг холис экспертизаси ва хулосаси муҳокамаю дебатларнинг самарали бўлишига, маблағлар тежамли сарфланишига асос бўлади. Агар қарорлар яхши асосланмаган бўлса, давлат маблағлари нотўғри ва самарасиз сарфланишига йўл қўйилади.

Мана, яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори НиҚматилла ­Йўлдошев давлат маблағларининг мансабдорлар томонидан талон-торож қилиниши хусусида ахборот берди. Унинг таъкидлашича, мамлакатимизда кейинги икки йилда икки минг­га яқин мансабдорлар давлатнинг икки триллион сўм миқдоридаги маблағини талон-торож қилган. Бошқача айтганда, ҳар бир мансабдор давлатнинг ўртача бир миллиард сўм маблағини нотўғри сарфлаган ёки ўзлаштирган. Агар фискал соҳада компетентли мутахассислар ўз вақтида ­Давлат бюджети маблағларини соҳаларга муқобил тақсимлаб, компьютерлар ёрдамида унинг мунтазам мониторингини амалга оширганида, бундай нохуш ҳолатлар келиб чиқиш эҳ­тимоли пасайган бўлар эди. Шунинг учун бу соҳада хорижий фискал институтларнинг ­кадрлар тайёрлаш тизимидаги ил­Қор тажрибасини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш давр талабига айланмоқда.

Масалан, Лондондаги Фискал сиёсат институти давлат молияси ва харажатлари, пенсия таъминоти ва жамғариш, компания ва корхоналарни солиққа тортиш ҳамда истеъмолчиларнинг бозордаги хатти-ҳаракати, камбағаллик ва даромад тенг­сизлиги йўналишларида илмий тад­қиқотлар олиб боради. Бундан ташқари, конференция, симпозиум, семинар ва тренинглар ташкил этади. Замонавий моделлаштириш усулларини ишлаб чиқиш ва қўллаш орқали сиёсий ва ижтимоий чора-тадбирларнинг уй хўжаликлари, истеъмолчилар ва индивидлар хатти-ҳаракатларига, корхоналарнинг бизнес юритишига таъсирини ўрганади. Аналитик ҳисоботлари ва илмий мақолаларини етакчи халқаро журналларда чоп эттиради.

Зотан Ўзбекистон фискал сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш Ватан равнақи ва халқ фаровонлигига ­хизмат қилади. Мустақил илмий тадқиқотлар ва экспертиза ёрдамида ижти­моий ва иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва улар бўйича мулоқот қилиш, ахборот ва билимларни тарқатиш ва ­айирбошлаш орқали фискал тизимдаги жорий солиқлар ва унга киритиладиган ўзгартишларнинг иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасига таъсирини экспертиза қилиш орқали давлат маблағларининг самарали, яъни халқ фаровонлигига сарфланишига эришилади.

Рақобат — тараққиётни тезлаштирувчи омил

Баъзан давлатнинг қарзи, олтин-валюта захиралари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва уларга шаклланадиган нархлар ҳақидаги мавзулар ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлади. Айниқса, кейинги йилларда бунга тез-тез гувоҳ бўляпмиз.

Аммо ана шу баҳсу мунозараларни кузатиб, уларнинг иштирокчилари масалага бир томонлама ёндашаётганини кузатишимиз мумкин. Нега шундай? Чунки уларнинг қўлида тизимли ахборот, яъни фискал институт мутахассисларининг тўлақонли таҳлили, холис экспертиза баҳоси йўқ.

Яна бир ҳаётий ҳақиқат: рақобат ва инновация — тараққиётни тезлаштирувчи омиллар. Негаки, инсоният рақобат бор жойда инновациялар, янги Қоя ва ишланмалар яратишга мойил бўлади. Бироқ инновация яратилишига стандартлар тўсқинлик қилади.

Шунинг учун ҳозирги даврда корхонами, ташкилотми ёки вазирликми, қаерда бўлмасин, ишга янгича ёндашув муҳим заруратга айланмоқда. Фискал институтнинг молиявий, академик ва илмий тад­қиқот соҳасидаги мустақиллиги жаҳон андозаларига ва юқоридаги талабларга мос кадрлар тайёрлаш кафолатидир.

Ниҳоят, ХХI асрда инновациялар стандартлаштиришни сиқиб чиқармоқда, улар, швед олимлари таъбири билан айтганда, гўёки эртаклардаги «кўзадан чиқиб кетган жин» мисоли турмуш тарзимиз, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларга тобора кенгроқ кириб боряпти.

Шу маънода, Фискал институтнинг ташкил этилиши учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратишга қаратилган стратегияларнинг тамал тошидир. Чунки фискал соҳада тайёрланадиган кадрлар молия ва солиқ ташкилотларидаги фаол иштироки орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Бинобарин, Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишига кўмаклашади.

Турсун ШОДИЕВ,
Тошкент халқаро Вестминстер университети ҳузуридаги
ЮНEСКОнинг Билимлар иқтисодиёти кафедраси мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,
«Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?