Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

20:29 30 Октябр 2025 Сиёсат
1204 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб 30 октябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.

Ушбу марказ давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида бунёд этилган бўлиб, ўз мақсади ва йўналишига кўра, жаҳонда ўхшаши бўлмаган йирик мажмуа саналади. Айни пайтга қадар марказга турли давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар раҳбарлари, таниқли олимлар ва мутахассислар ташриф буюриб, унинг ўзига хос меъморий ечими ва маънавий-маърифий аҳамиятини эътироф этишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамроҳлигида ўтган ташриф чоғида Финляндия Президентига Ислом цивилизацияси маркази мутасаддилари томонидан ушбу улкан меъморий мажмуа ҳамда унинг жаҳон илм-фани ва ислом оламидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Президент Александр Стубб “Буюк аждодлар галереяси”, “Исломдан олдинги давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс” ҳамда “Янги Ўзбекистон” экспозициялари билан танишди. Бу залларда жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса қўшган Имом Бухорий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини акс эттирувчи экспонатларни кўздан кечирди.

“Ростини айтсам, бу ерда мен беқиёс таассуротлар гирдобига тушиб қолдим. Ҳар бир экспозиция, ҳар бир зал, ҳар бир детал чуқур ўйланган. Уч минг йиллик тарихни бугунги авлодга шу даражада замонавий шаклда етказиб бериш — бу юксак санъат ва буюк маҳорат талаб этади.

Бу марказ нафақат ўтган асрлар меросини қайта жонлантирган, балки келажак авлод учун ҳам илҳом манбаига айланган. Айниқса, интерактив намойишлар ва инновацион технологиялар ёшларни ўзига жалб этади. Улар бу ерда тарихни ўқимайди — уни ҳис қилади. Марказда яратилган муҳитда зерикиш мумкин эмас. Ҳар бир саҳна, ҳар бир ёритилган тафсилот ўзига хос. Мен бу ердан улкан миннатдорлик ва ҳайрат билан чиқяпман.” — деди Финляндия етакчиси.

Шунингдек, олий мартабали меҳмонга марказнинг халқаро ҳамкорликдаги илмий дастурлари, ёш олимлар учун яратилган шароитлар, турли мамлакатлар билан қўшма тадқиқот лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер