Фермерларга чорвачилик учун ўз ерида бино қуришга рухсат берилади

13:42 10 Декабрь 2025 Сиёсат
482 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтаётган мулоқотида ҳозирги тез ўзгарувчан шароитда бозорлардаги нарх-наво барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

«Тўғри, куз-қиш учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захира қиляпмиз. Энди бу ишни йил давомида амалга ошириб, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун доимий интервенция тизими жорий этилади», деди Президентимиз.

Яқинда озуқабоп, мойли экин ва картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар эълон қилинган эди. Жумладан, келгуси йилда фермерларга 2025 йил олган ҳосил қийматининг 50 фоизи миқдорида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 12 фоизли кредит ажратилади.

Хорижий валютадаги кредит ставкасининг 8 фоиздан ошган қисми қоплаб берилади. Кредитларнинг 50 фоизгача қисмига кафиллик тақдим этилади. Ҳар йили «in-vitro» лабораторияларда вирусдан холи 10 миллиондан ортиқ картошка мини-туганаклари тайёрланиб, уруғчилик хўжаликларига бепул берилади.

Яна бир муҳим, эътибор қаратиш зарур бўлган масала – гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш.

Келгуси йилда четдан 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки олиб келинади. Пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларга ўз ерида чорвачиликни йўлга қўйиш учун 20 сотихгача жойда енгил конструкцияли бино қуришга рухсат берилади. Импорт қилинган наслдор қорамол ва бир кунлик жўжа учун субсидия ажратиш тартиби яна 5 йилга узайтирилади.

Чорвачилик лойиҳалари учун кейинги йил Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасидан олиб келинган ресурслар ҳисобидан 157 миллион доллар йўналтирилади. Ушбу маблағлар чорвадорларга 10 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 17 фоиздан берилади.

Бунга қўшимча JICA'дан 150 миллион доллар, Осиё тараққиёт банкидан 60 миллион доллар жалб қилинади. Бу маблағларни самарали ишлатиб, келгуси йилда 5 триллион сўмлик 1 мингта лойиҳани ишга тушириш, Франция тажрибаси асосида 167 та туманда 340 та гўшт ва сут йўналишидаги 50-60 бошли кичик чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?