ФЕРМЕР ПАХТАНИ КИМГА СОТИШНИ ЎЗИ МУСТАҚИЛ ҲАЛ ҚИЛАДИ

Иллюстратив фото
Шу йилнинг 17 январида Президентимиз томонидан “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатни фермерлар, деҳқонлар, пахта хомашёси етиштирувчи хўжаликлар катта қувонч билан кутиб олди. Бу бежиз эмас, албатта. Фармон аграр соҳада янги механизмларни ҳаётга татбиқ этиш ва имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ушбу ҳужжат билан белгиланаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олдик.
Бозор талабига мос
Баҳодир ХОЛИҚОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор:
— Фармонга мувофиқ, пахта етиштирувчилар энди ўзи етиштирган пахта хомашёсига эркин нарх белгилайди, харидор топиб, ихтиёрий сотади. Аслида ҳам бозор механизми шундай бўлиши керак. Бу ҳужжат билан ана шу мувозанат тикланмоқда. Ахир, фермер иссиғу совуқ демай даласида минг машаққат билан пахта етиштирса-ю, сотишга келганда унинг фикри инобатга олинмаса, бу адолатсизлик эмасми? У меҳнатига яраша ҳақ ололмаса, ишдан қўли совимайдими? Бу бозор иқтисодиёти тамойилларига мутлақо зид-ку?! Бу аҳволда сифатли, толаси пишиқ ва жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган пахта хомашёси етиштириш имконияти пасайиб кетмайдими?
Шу жиҳатдан ҳам Фармоннинг аҳамияти ниҳоятда катта. Унда белгиланганидек, фермерлар биржага харидорлар томонидан жойланган таклифлар орасидан бир ёки бир нечтасини танлаш орқали фьючерс, форвард ва спот шартномаларини тузади. Бошланғич нарх Нью-Йорк биржасидаги олти ойлик ўртача котировкалардан келиб чиқиб белгиланади.
Янги тартиб бўйича кластерлар пахта харид қилиш бўйича ўз талабларини биржанинг электрон тизимига жойлаштиради. Фермерлар буни синчиклаб ўрганиб, ўзларига маъқул келган битта ёки бир нечта кластер билан ихтиёрий тартибда шартнома тузиши мумкин. Бу фермерлар учун катта рағбат бўлиб, уларнинг меҳнатга иштиёқини оширади.
Олдинлари фермерлар биржанинг электрон тизимига жойлаштирган маълумотларини кластер кўриб, қайсиси билан шартнома тузишни ўзлари ҳал қиларди. Эндиликда эса фермерлар ким билан шартнома тузишни ўз хоҳиши билан ҳал этади. Бошқача айтганда, уларга танлов имконияти берилади ва бу пахтачилик учун катта янгиликдир.
Янги марралар сари илҳомлантирувчи ҳужжат
Барно МИРЗАМОВА,
Ўзбекистон фермерлари кенгаши бўлим бошлиғи:
— Очиғи, энди фермерлар дўпписини осмонга отса ярашади. Чунки мазкур ҳужжат билан кооперация усулида ёки ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирувчи хўжаликлар давлат томонидан изчил қўллаб-қувватланади. Бундай хўжаликларга биржа орқали сотган пахтасининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратиш белгилангани ҳам пахта етиштирувчиларнинг кўнглидаги иш бўлди.
Бундан ташқари, имтиёзли кредит олиб, кредитни ўз вақтида қайтарган пахта етиштирувчиларга 4 фоиз миқдорида субсидия ажратилишини айтмайсизми? Ушбу тартиб фермерлар учун яна бир катта қулайлик, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Асосийси, фермерларга ўзининг пахтасини қайта ишлаши учун ёки қабул қилиш масканини қуриш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 3 йил муддатда Марказий банк асосий ставкасидан юқори бўлмаган 6 ой имтиёзли давр билан кредитлар ажратилиши белгиланди.
Энг муҳим жиҳат шундан иборатки, эндиликда фермер пахтани кимга сотишни ўзи мустақил ҳал қилади. Бу уларни янги-янги марралар сари илҳомлантиришига шак-шубҳа йўқ.
Кўнгилни тўқ қилиб ишлаш вақти келди
Баҳодир ҚУДРАТОВ,
Қарши туманидаги “Хумоюнбек Асрорович” фермер хўжалиги раҳбари:
— Ростини айтсам, кўнгилни тўқ қилиб ишлайдиган давр келди. Бунга Президентимиз Фармони билан танишиб, жорий этилган қатор қулайликларни ўқиб амин бўлдим. Масалан, пахта етиштирувчи фермерларнинг 2025 йил ҳосилидан бошлаб, ўз маблағлари ҳисобидан етиштирган пахта учун давлат томонидан субсидия олиш имконияти яратилгани оламшумул воқеа. Ёки Фармонга мувофиқ, пахта толасининг нархи Нью-Йорк биржасидаги охирги 6 ойдаги ўртача фьючерс котировкалари асосида белгиланиши бир пайтлар тушимизга ҳам кирмаган эди-ку?
Ушбу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар руҳимизни янада кўтариб, кучимизга-куч, ғайратимизга-ғайрат қўшаётир. Энди биз пахтамизни кимга, қачон ва қандай нархда сотишни ўзимиз ҳал этамиз. Бу билан пахта етиштиришдан манфаатдорлигимиз янада ошяпти, соҳада рақобат муҳити кучаймоқда. Энди изланган, интилган, кўпроқ ва сифатли ҳосил етиштирган фермер янада бойиб, кўзлаган марралари сари дадил интилаверади.
Фахриддин БОЗОРОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг