Фарғоналик ёшлар учун Германияда ўқиш ва ишлаш имконияти яратилмоқда

12:59 17 Ноябрь 2025 Жамият
167 0

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида хорижий иш берувчиларнинг талаб ва буюртмалари асосида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда Германиянинг «Askania Bildung» компанияси билан ҳамкорликда техникумларда немис таълим дастури асосида «Ausbildung» тизимини жорий этиш йўлга қўйилди. Мамлакатимизда бу тизимни 5 та вилоятида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда Фарғона вилоятида Марғилон қурилиш ва коммунал хўжалиги техникумида амалга оширилди.

«Ausbildung» тизими бўйича техникумда ўқиш муддати 3 йилдан иборат бўлиб, таълимнинг биринчи йили Ўзбекистонда, қолган икки йили Германияда олиб борилади. Қабул квотаси бўйича дастлабки йили 3 та касб — «Қурилиш техникаси устаси», «Электромонтёр» ва «Логистика» мутахассисликларига ўқитиш йўлга қўйилган.

— Дастурга асосан 17-26 ёшдаги йигит-қизлар ўқишга қабул қилинади. Айни мақсадда «Askania Bildung» компанияси томонидан 250 та квота белгиланган, — дейди Марғилон қурилиш ва коммунал хўжалиги техникуми немис тили ўқитувчиси Нозима Юнусалиева. — Биринчи курсда ўқувчилар немис тили ва касбий фанлар бўйича таҳсил олади ҳамда немис тили бўйича камида Б1 даражадаги сертификат олганлар уч ой давомида Германияда амалиёт ўтайди. Айнан шу ўқувчилар ўқишни кейинги босқичларини Германияда дуал таълим шаклида давом эттиради.

Бу имконият ёшлар учун катта аҳамиятга эга: Германияда таълим олувчилар 600 евродан 1500 еврогача стипендия олишлари мумкин.

Айтиш жоизки, Германиянинг «Askania Bildung» компанияси техникумларда касбий тайёргарлик тизими — «Ausbildung»ни жорий этиш билан шуғулланади. Бу тизим ёш мутахассисларни тайёрлашда назарий билимлар билан амалиётни уйғунлаштиради ва уларни чуқур касбий билим ва кўникмаларга эга бўлишига кўмаклашади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер