Фарғонада замонавий автобуслар тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни бошлади
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятида 11 та йўналишда 152 та янги автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди.
— Айни жараёнда вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда Фарғона вилояти, хусусан, Фарғона шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини жаҳон андозалари даражасида такомиллаштириш бўйича илмий-амалий ўрганиш ишлари олиб борилди, — дейди Фарғона вилояти транспорт бошқармаси мутахассиси Шамсурбек Маҳмудов. — Шу тарзда илмий усуллар ҳамда халқаро тажриба ёрдамида янги йўналишлар тармоғи ишлаб чиқилди.
Бу борадаги саъй-ҳаракатлар доирасида ўтган йили қарийб 50 та замонавий автобус олиб келиниб, босқичма-босқич вилоятнинг барча ҳудудларида жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Хитойдан олиб келинган яна 24 та замонавий автобуслар Фарғона шаҳрида иккита янги йўналишда қатнай бошлади. Автобуслар ёзда совитиш, қишда иситиш тизимига эга. «GPS» тизими ва ҳар томонлама видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Бу кунига ўртача 10 минг нафар йўловчига сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради.
— 2025 йилнинг якунига қадар Фарғона шаҳрида хизмат сифати ва тезкорлигини ошириш учун автобуслар сонини 104 тага етказиш кўзда тутилган, — дейди Фарғона вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Сафаров. — Шу мақсадда жорий йилнинг апрель ойида 9 та ташувчи корхона раҳбарлари билан биргаликда Хитойга хизмат сафари ташкил этилди.
Юзма-юз мулоқотлар давомида «Zong Tong» ва «Asia Star» каби машҳур ишлаб чиқарувчи компаниялар раҳбарлари билан 384 та автобус ҳамда микроавтобус харид қилиш бўйича умумий қиймати 19,5 млн долларлик меморандум имзоланди.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Фарғона вилояти транспорт бошқармаси таъсисчилигида «Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда реал вақт режимида автобуслар ҳаракатини онлайн кузатиб бориш ҳамда ҳар қандай муаммони жойида бартараф этиш имконияти яратилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг