Фарғонада юксак шараф, ғурур ва ифтихор рамзи бўлган ҳарбий хизматчиларга эҳтиром кўрсатилди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами Фарғона вилоятида ҳам катта шодиёна сифатида нишонланмоқда.
Байрам тантаналари доирасида Фарғона шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи”да “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, мудофаа тизими раҳбарлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.
Муаззам ҳайкал пойига гулчамбар қўйилгач, тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимиз учун жон фидо қилган қаҳрамон ўғлонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида давом этган тантаналар элу юртимиз истиқболи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган ҳарбий хизматчиларга юксак эҳтиром ифодаси бўлди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутлаб, шарафли ва масъулиятли фаолиятига омад тилади.
Шундан сўнг хизмат бурчини бажаришда барчага намуна бўлиб келаётган, юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Шу куни вилоят марказида жойлашган Экошаҳарда Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиларига янги уйлар топширилгани байрамга қўшалоқ совға бўлди.
—Бугун оиламиз учун унутилмас кун,—дейди Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, катта лейтенант Жамшидбек Юсупов.—Боиси турмуш ўртоғим ва икки нафар фарзандим билан бирга замонавий шаҳарчада қуриб битказилган янги уйга кўчиб ўтдик. Шинам хонадонда барча шароитлар муҳайё. Бундай эътибор ва рағбатдан беҳад мамнунмиз.

Байрам тадбирлари давомида фарғоналик таниқли санъаткорлар ҳамда ижодий жамоалар иштирокидаги концерт дастурлари барчага хуш кайфият улашиб, тантаналарга янада файз, шукуҳ бахш этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг