Фарғонада ёшлар учун касблар фестивали ўтказилмоқда

13:38 21 Апрель 2025 Жамият
306 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бу йил Фарғона вилоятида касбий таълим ташкилотларига 38 мингдан зиёд ёшлар қабул қилиниб, қўшимча 10 дан ортиқ янги ва замонавий мутахассисликлар очилиши режалаштирилган.

Айни жараёнда ўқувчи-ёшларни ўзлари истаган касб-ҳунарга йўналтириш, меҳнат бозорида рақобатдош касбларни эгаллашга қизиқтириш долзарб вазифалар сирасига киритилган.

— Президентимизнинг 2024 йил 16 октябрда қабул қилинган «Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, янги ташкил этилган техникум ва политехникумларга эндиликда умумий ўрта таълим мактабларининг 9 ва 11-синф битирувчилари қабул қилинади, — дейди Фарғона вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов. — Шу мақсадда вилоятдаги барча касбий таълим ташкилотларида «Касб ва ёшлар» очиқ мулоқот ойлиги доирасида танишув тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Унда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари, мактаб руҳшунослари, масъуллар ва ота-оналар иштирок этиши таъминланаётир.

Учкўприк туманидаги 2-сонли политехникумида ўтказилган «Касб ва ёшлар» тадбирида мактаб ўқувчилари касб ўрганиш учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Янги ўқув йилидан таълим муассасасига 700 нафар ўқувчи қабул қилинади.

— Бизда пайвандловчи, автомобиллар электр жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш, сартарош-модельер, ошпаз-қандолатчи, тракторчи-машинист каби касб йўналишлари бор, — дейди политехникум директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Иқболжон Абдукаримов. — Бугунги тадбир мобайнида ҳар бир касб йўналиши бўйича тақдимотлар ўтказилиб, ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Бағдод туман политехникумида ташкил этилган очиқ мулоқот ва «Касблар фестивали» ўқувчи-ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбирга туман ҳокимлиги масъуллари, ота-оналар, умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари таклиф этилди.

— Политехникумда ўқитиладиган таълим йўналишлари, ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар менга жуда ҳам ёқди, — дейди Бағдод туманидаги 31-мактаб ўқувчиси Илҳом Собиржонов. — Шу боис «Компьютер графикаси ва дизайн оператори» йўналишида ўқишни давом эттириш ниятидаман.

«Ёшлар маркази»даги қулайликлар, шахмат, хорижий тиллар тўгараклари фаолияти ҳам барчага бирдек манзур бўлди. Дарслардан сўнг бемалол қўшимча машғулотлар ҳамда тўгаракларга қатнаш мумкинлиги бизни беҳад қувонтирди.

Айтиш жоиз, ўзаро ҳамкорлик асосида политехникумда Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан хорижий тилларни ўрганиш курси ташкил этилди. Ҳафтада икки кун ўтадиган машғулотлар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун мутлақо бепул бўлади. Умуман олганда, хорижий тил ўрганиш курсида ўқиш истагидаги бошқа ўқувчилар учун ҳам нисбатан арзон нархлар белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?