Фарғонада «Тозалаш» комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди

19:20 16 Февраль 2025 Жамият
282 0

Фото: ИИВ

Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан «Тозалаш» комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят ҳудудида олиб борилган фаол тадбирлар доирасида 86 та жиноий, 853 та маъмурий, жами 939 та ҳолат аниқланди. 98 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 889 нафар шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. 49 та жиноят фош этилиб, 31 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 1 167 нафар шахс расмий огоҳлантирилди.

Қўлга олинган жиноий гуруҳ ва шахслардан 3 кг 376 гр гиёҳвандлик воситалари, 2 331 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 17 та ноқонуний қурол, 344 дона тиғли буюмлар олиниб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.

Олиб борилган тадбирлар давомида Риштон туманида яшовчи 1995 йилда туғилган шахс қўлга олинди.

У эркаклар кийим дўконига кириб, сотиб олмоқчи бўлган маҳсулотларини насияга беришни талаб қилган. Сотувчи бунга кўнмагач, уни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, қўл-оёқлари билан уриб дўппослаган.

Оқибатда дўкон сотувчиси жароҳатланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди (безорилик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланди.

Фарғона туманида ўтказилган «назорат остида олиш» тадбири давомида эса махсус харидорга 2,3 минг доллар эвазига 500 грамм гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс қўлга олинди.

Унинг яшаш хонадонида кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келинаётган гиёҳвандлик моддаси олиниб, кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра, соф оғирлиги 1 кг 470 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди.

Олтиариқ туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида ноқонуний электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатига чек қўйилди. «Қўрғонча» маҳалласи ҳудудида жойлашган боғдорчилик фермер хўжалиги тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ҳолда давлатга 1 млрд 897 млн 533 минг 734 сўм миқдорда зарар етказгани аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ер ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан Учкўприк туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1968 йилда туғилган шахс қўлга олинди.

У «Кенагас» маҳалласи ҳудудида жойлашган 90 сотих қисми нотурар ва 1 гектар 60 сотихи давлат захирасида бўлган жами 2,5 гектар ер майдонини 650 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 100 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер