Фарғонада прокурор ўринбосари, Наманганда ҳоким ўринбосари, Тошкентда кадастр идораси раҳбари пора билан қўлга тушди

11:41 07 Май 2024 Жамият
400 0

Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида пора олаётган мансабдор шахслар ашёвий далиллар билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қўштепа тумани прокурори ўринбосари ўз мавқеидан фойдаланиб, мактабгача таълим ташкилоти раҳбаридан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Аниқлик киритилишича, у туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, айблов хулосаси туман судига юборилган мактабгача таълим ташкилоти раҳбарига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмаслигига ҳамда Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланилмаслигига ёрдам бериши эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилган ва муқаддам 1000 АҚШ доллари олган.

Шунингдек, Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги агрофирма раҳбари туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, жорий йилнинг апрель ойида ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг давлат захирасига олинган 10 гектар ер майдонини фермер хўжалик ихтиёрига қайтариб бериш ҳамда хўжаликнинг бажарилмаган ғалла экиш режасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда агрофирма раҳбари сўралган пул маблағидан 1000 АҚШ доллари ва 5 млн сўм олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, талаб қилинган пул маблағидан 100 АҚШ долларини олиб, қолган қисмини ўзида сақлаб туриши ҳақида агрофирма раҳбарига топшириқ берган вақтида Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари жиноят устида қўлга олинган. Таъкидланишича, агрофирма раҳбари фермернинг ушбу масаласини ҳал қилиб бериш бўйича аввал ҳам 3 млн сўм олган бўлган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз раҳбарининг оғзаки топшириғига асосан, савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг трансформаторини электр тармоғига улаб, тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига хизмат хонасида 40 млн сўм миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шу билан бирга, Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ҳам процессуал тартибда ушланган.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Давлат кадастрлар палатасининг Янгиҳаёт туман филиали бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тумандаги 20 сотих ер майдонида қурилган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига, ўзининг хизмат хонасида 25 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер