Фарғонада мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбир бўлиб ўтди

10:59 02 Сентябр 2025 Жамият
57 0

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз байрам – истиқлолимизнинг 34 йиллик қутлуғ санаси шукуҳи кезиб, Фарғона вилоятида ҳам шаҳар-туман, маҳалла, ҳар бир оилада ушбу айём катта тантана сифатида нишонланди.

  Фарғона шаҳрида яқин йилларда қуриб битказилган муҳташам Экошаҳар амфитеатрида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган вилоят байрам тадбири бўлиб ўтди.

  Байрам тадбирида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, барчани энг суюкли байрам билан самимий муборакбод этди.          

  —Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида инсон қадрини улуғлаш, уни бахтли қилиш – ҳаётбахш ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунини ташкил этмоқда, — деди вилоят ҳокими. — Бу борада муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу тамойилга асосланган Янги Ўзбекистон ғояси амалда қудратли ҳаракатга айланди.

  Таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги саккиз йилда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилди. Айни жараёнда барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришилди. Юрт тинчлиги ва фаровонлиги, халқимизнинг тўкис ҳаёт кечириши учун олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда.

  Тадбирда Президентимиз фармонлари доирасида истиқлолимизнинг 34 йиллиги арафасида давлатимизнинг юксак мукофотлари — орден ва медаллар билан тақдирланган 30 нафардан зиёд фарғоналик ҳамюртларимиз борлиги мамнуният билан айтиб ўтилди. Байрам тадбири иштирокчилари уларни яна бир бор қизғин олқишлар билан қутладилар.

  Маърузада алоҳида қайд этилганидек, биргина жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоят иқтисодиёти 6,8 фоизга ўсди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасига 1,4 миллиард доллар инвестиция жалб этилди, экспорт ҳажми эса 581 миллион доллардан ошди.

  2017 йилда вилоятимизга инвестиция киритган давлатлар сони 4 та бўлган бўлса, 2024 йил якунига келиб улар 30 дан зиёдроқни ташкил этди. Сўнгги етти йилда вилоятга жалб этилган хорижий инвестициялар ва кредитлар 1,8 миллиард долларга етди, яъни 58 баробар ошди. Жорий йилда эса бу рақам 3,7 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган.

  Шунингдек, 2017 йилда вилоят экспорт ҳажми 420 миллион доллар эди. 2024 йилда экспорт ҳажми 1 миллиард 20 миллион долларга етди ва бу йил якуни билан 1 миллиард 231 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши кўзда тутилган.

  Тадбиркорлик учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли охирги тўрт йил ичида тадбиркорлар сони 1,6 баробарга ўсиб, 37 мингтадан 61 мингтага кўпайишига эришилди. Ўтган саккиз йил давомида вилоятда 882 та 28 минг 573 хонадон кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

  Тантанада театрлаштирилган катта байрам дастури намойиш этилиб, вилоят ва республика санъат усталарининг гала-концерти унга янада файз, шукуҳ бахш этди.

  Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов ва бошқа машҳур санъаткорлар, ёш истеъдодлар ижросидаги Ватанни, севги-муҳаббатни тараннум этган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

  Файзли оқшомда шаҳар узра порлаган ранг-баранг мушаклар байрам дастурига ўзига хос ва тантанавор якун ясади.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?