Фарғонада «ақлли сув» тизими: у қандай иқтисодий самара беради?!
Инсоният йигирма биринчи асрда жуда кўп муаммолар билан юзма-юз бўлмоқда, ана шундай глобал масалалардан бири – сув муаммосидир.
Она сайёрамиз аҳолиси сони йилдан-йилга ошиб борар экан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қурғоқчилик ва ерларнинг чўлланишининг олдини олиш сингари оғриқли муаммолар жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.
Мамлакатимизда сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш бўйича ҳаётбахш дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётгани эътирофга лойиқ. Яқинда Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар эртанги кун истиқболини таъминлашида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида эътироф этилди.
2020 йили Фарғона вилоятида 7,5 минг гектар, 2021 йили эса 30,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этиш режалаштирилган. Шу йилнинг якунига қадар 38,4 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ҳамда 52,9 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, 7 та сув иншоотида сув ҳисобини юритиш, 305 та насос станцияси ва тик қудуқларда электр энергияси истеъмолининг автоматлашган назорат тизимини жорий қилиш ҳамда ирригация тармоқларида бар қатор таъмирлаш ишлари кўзда тутилмоқда.

Инновацион ғоялар амалиётга кенг татбиқ этилиши натижасида вилоятда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усулларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини 40-50 фоизгача иқтисод қилиш ва ҳосилдорликни 15-20 центнергача ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шу мақсадда 170 дона насос станциялари, 2141 та тик қудуқларни «онлайн» режимида бошқариш, 2547 та иншоотларни рақамли технологиялар ёрдамида назорат қилиш тизими жорий этилади. Айни жараёнда Фарғона туманини «Намунавий туман»га айлантириш орқали сув ресурсларини «онлайн» режимида бошқариш, ҳисобини юритиш ҳамда масофадан бошқарувчи автоматлаштирилган «Ақлли сув» тизими амалиётга татбиқ этилади.
Фарғона туманидаги «Чимён Шуҳрати» фермер хўжалигининг 20 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши учун 320 млн. сўм кредит маблағи сарфланди. Сув таъминоти оғирлиги учун илгари ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорлик 17-20 центнерни ташкил этган бўлса, бу йил ҳосилдорлик 60 центнерга етказилди.

2021 йилда бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Фарғона шаҳрида «Фергана агродрип» МЧЖ томонидан томчилатиб суғориш тизимининг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
— Соҳага илм-фан ютуқлари ва ноу-хаулар жорий этилиб, 2021 йили вилоятда 20 минг гектар майдонларни лазерли қурилмалар ёрдамида текислаш белгиланган,-дейди «Сирдарё-Сўх» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Алломжон Фозилов. – Бу йил Ёзёвон туманидаги «Ёзёвон» ва «Толқудуққум» насос станциялари, кейинги йили вилоятдаги 50 га яқин сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ривожлантирилади.
Янги тизимда 21 та тик қудуқни ишлатишга 1 нафар мутахассис бириктирилиб, илгари бир соатда ўчириб-ёқилган қурилмалар атиги 2 дақиқада ишга туширилади. Кучли ёмғир, шамол ёки авария ҳолатларида 200 дона қудуқни марказий диспетчерлик пункти орқали «онлайн режим»да бир мартаба ўчириш натижасида 72,5 минг. кВт электр энергия, 33 млн. сўм маблағ иқтисод қилинади.
Халқимизда «Ер – хазина, сув – гавҳар» деган ҳикматли ибора бекорга айтилмаган. Шу боис Фарғона вилоятида мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежайдиган технологиялар жорий этиш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири эканлигини асло унутмаслик зарур.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг