Фарғона шаҳрида Жанубий Корея инвестицияси асосида янги инновацион корхона барпо этилади

21:03 16 Январь 2026 Жамият
285 0

Фарғона шаҳридаги Экошаҳар ҳудудида Жанубий Кореянинг AHAU компанияси томонидан умумий қиймати 20 миллион доллар бўлган янги ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши бошланди.

Корхонага тамал тоши қўйилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда кореялик инвесторлар, вилоят фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, ушбу лойиҳа вилоят делегациясининг Жанубий Кореяга амалга оширган хизмат сафарлари давомида эришилган келишувлар натижаси эканини таъкидлади. Қайд этилганидек, мазкур ташаббус ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, «Саноат ипотекаси» тамойили асосида барпо этилган технопарк ҳудудида 4 гектар майдонда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Лойиҳа доирасида интерактив электрон доскалар, электромобиллар учун замонавий ва экологик хавфсиз зарядловчи қурилмалар, юқори аниқликка эга тиббий жиҳозлар ҳамда юқори қўшилган қийматли бошқа инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.

— Бу ерда фарғоналик юзлаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро уйғунлик таъминланади, — дейди AHAU МЧЖ хорижий корхонаси раҳбари Ку Ги До. — Истиқболли лойиҳа «яшил технологиялар» тамойили асосида амалга оширилаётгани билан Экошаҳар концепциясига тўлиқ мос келади.

Тантанали тадбир якунида эзгу тилак мактуби имзоланиб, корхона қурилишига расман тамал тоши қўйилди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер