“Фақат шоирингга етишмайди сўз, фақат мусаввирга етмайди бўёқ...”
Бугун — таниқли шоир ва адиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов таваллуд топган кун.
Ижодкорнинг “Менинг Ўзбекистоним”, “Тошбургут”, “Менинг юлдузим”, “Чаноқ”, “Ҳалқа”, “Икки баҳор”, “Умид дарахтлари”, “Қиёфа”, “Ёсуман”, “Баланд тоғлар”, “Кўзларимнинг қароғидасан”, “Муҳаббат боғлари”, “Эл сув ичган дарёлар”, “Сайланма”, “Сафар” номли публицистик, шеърий ва насрий китоблари ўқувчилар қўлига етиб борган.
Ёниқ сўз ва кўнгил билан яшаб, фидойи меҳнати, юртсеварлиги туфайли кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлиб келаётган ижодкорнинг сермазмун мақолалари, дилбар шеърлари, ҳикояларини ўқир экансиз, кўнглингизга ёруғлик инади.
Истардикки, завқу шавқ, ижодкорлик руҳияти Абдусаид Кўчимовни ҳеч қачон тарк этмасин.
ВАТАН
Бошингда осмону, қошингда қуёш,
Тасвиринг чизолмай мусаввир ҳалак.
Шоир сўз ахтариб қотиради бош,
Булоқдай қайнайди ошуфта юрак.
Париваш жамолин қилади кўз-кўз,
Бағрингда барқ урган ҳар гул, ҳар қиёқ.
Фақат шоирингга етишмайди сўз,
Фақат мусаввирга етмайди бўёқ.
ТАНТИ ЎЗБEК
Саховатли сахий куздек
Саодатли элдир ўзбек,
Буқабўйин — ман-манларга
Парво қилмас жанда-бўздек.
Жаҳондаги бирон миллат,
Эл-улусдан йўқдир ками.
Юлдузлардек боқий қудрат —
Аждодларин қутлуғ шаъни.
Боболарин қанча халқлар
Бизники, деб талашади.
Бундай шараф — шоён тахтлар
Ўзбекка хўп ярашади.
Азал-абад сочар ёғду
“Авесто”дек бўстонлари.
Жасоратга жасур кўзгу
“Алпомиш”бек достонлари.
Дўстларига меҳри қуёш,
Дўстларига қурбон жони.
Пашша каби эзар, бебош
Аллоп-қаллоб, бевафони.
Ҳавас билан боқар дунё
Тоғдай кўркам савлатига.
Дур маҳлиё, нур маҳлиё
Ўзбекистон давлатига.
Не-не фотиҳ, не-не хоқон
Синаб аччиқ омадини,
Эга олмай тутди мотам
Ўзбекнинг алп қоматини.
МИРЗО УЛУҒБEК ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА
Юлдузларни санаш мумкиндир балким,
Ҳисоблаш мумкиндир сайёраларни.
Санаб саноғига етолмас ҳеч ким
Ўзбек заминдаги алломаларни.
Мана, минг йилларким ҳайратда башар
Беруний, Навоий, Куброларимга.
Яна минг асрлар таъзимга шошар
Мирзо Улуғбекдек даҳоларимга.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг