ФАО ва Пандемияларга қарши кураш жамғармаси Ўзбекистонга зооноз таҳдидларга жавоб қайтаришда кўмаклашмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатнинг барча ҳудудларида туман эпизоотологлари учун ихтисослаштирилган тренинглар циклларини ўтказмоқда. Ўқув жараёни «Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви орқали пандемияларга тайёргарлик кўриш ва ва жавоб чоралари» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Тренинглар доирасида асосий эътибор зооноз касалликлар ўчоқларини аниқлаш ва уларга жавоб қайтариш салоҳиятини тизимли равишда мустаҳкамлашга қаратилган «7-1-7» эпидемиологик кузатув воситасини ўзлаштиришга қаратилган. «7-1-7» методологияси қуйидагиларни назарда тутади:
• касаллик ҳолатини 7 кун ичида аниқлаш,
• 1 кун ичида хабар бериш,
• кейинги 7 кун ичида жавоб чораларини бошлаш.
Ушбу дастур доирасида мамлакат бўйлаб 300 дан ортиқ туман эпизоотологларини ўқитиш режалаштирилган. Бугунги кунгача 250 дан зиёд мутахассис тренингдан ўтиб, зооноз таҳдидларига самарали жавоб бериш учун «7-1-7» воситасини қўллаш бўйича амалий кўникмалар ва билимларга эга бўлди.
Бруцеллёз, қутуриш ва оқсил касалликлари каби касалликларни кузатиш ва назорат қилиш самарадорлигини ошириш нафақат санитария ва озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан, балки миллий иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга ҳам эгадир. Эпидемиологик кузатувнинг ишончли тизими чорвачилик соҳасига инвестицияларни жалб этишга, маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини оширишга ва янги халқаро бозорларга чиқишга кўмаклашади. Ветеринария назоратини кучайтириш халқаро стандартларга мос рақобатбардош ва барқарор тармоқни шакллантиради.
Бундан ташқари, эпидемиологик кузатув фаолиятларини амалга ошириш ва илғор методикани жорий этиш Ўзбекистоннинг Жаҳон ҳайвонот соғлиғи ташкилоти мезонларига мувофиқ айрим хавфли касалликлардан ҳоли мамлакат мақомини олиши учун замин яратади. Бундай мақом савдо ҳамкорлари ишончини оширади ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Тренингнинг асосий мақсадлари:
• Зооноз касалликлар ўчоқларини барвақт аниқлаш ва жавоб бериш тизимини мустаҳкамлаш;
• Ветеринария ва санитария-эпидемиология хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш;
• «7-1-7» воситасини амалий қўллаш бўйича ўқитиш.
Ушбу ташаббус Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг бир қисми бўлиб, унда инсонлар, ҳайвонлар ва атроф-муҳит саломатлиги бир бутун ва ўзаро боғлиқ бўлган — “Ягона саломатлик” концепцияси илгари сурилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- “Ўзбекистон – дунёга ҳали очилмаган илм хазинаси” — Халқаро автомобиль федерацияси Президенти
- Она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия этилган бадиий асарлар рўйхати эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг