ФАО Оролбўйи аёллари ва ёшлари учун янги даромад манбаларини очмоқда

01:48 10 Октябр 2023 Жамият
541 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли ва Қораўзак туманларида қишлоқ жойларда муқобил даромад манбаи сифатида хотин-қизлар ва ёшларга тикувчилик, каштачилик ва халқ ҳунармандчилигини ўргатиш бўйича икки кунлик тренинглар ташкил этди.

Тренингларда жами 90 нафарга яқин аёллар иштирок этди ва улардан 30 нафарига ФАО томонидан совға сифатида тикув машиналари берилди. Бу даромадни ошириш учун муҳим восита бўлиб, улар ёрдамида олинган билим ва кўникмалардан фойдаланган ҳолда янги санъат намуналарини, шу жумладан, машҳур Қорақалпоқ миллий каштаси билан кийим-кечаклар тикиш мумкин.

Тренинглар ФАО томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури ва БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Оролбўйи ҳудудини яшил ва инновацион ривожлантириш орқали ёшларнинг ёрқин келажак сари ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди томонидан молиялаштирилади. Биргаликда ҳаракат қилишдан мақсад инновациялар ва яшил ривожланиш асосида маҳаллий ҳамжамиятлар бандлиги учун янада яхши имкониятларни яратиш ва уларнинг Орол денгизи инқирози оқибатларига мослашиш салоҳиятини оширишдан иборат.

— Бизнинг фикримизча, аҳолининг заиф қатламларини, айниқса, аёлларни қўллаб–қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш жуда муҳимдир, — дейди ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий ваколатхонаси табиий ресурслар бўйича мутахассиси ва лойиҳанинг техник координатори Иветта Зенина — Зеро, Оролбўйи минтақасининг иқлим ўзгариши ва табиий ресурслар деградациясининг салбий таъсирига кўпроқ мойиллиги барчага маълум. Бугунги кунга қадар биз аёлларнинг муқобил даромад манбалари бўйича салоҳиятини ошириш бўйича тренинглар ўтказдик ва келажакда сув тежайдиган технологиялар, барқарор қишлоқ хўжалиги, электрон тижорат ва яшил молиялаштириш бўйича бир қатор тренинглар ўтказишни режалаштирмоқдамиз.

Машғулотлар давомида қорақалпоқ халқининг бой маданияти, қадимий тарихи ва чуқур маъносини сақлайдиган анъанавий каштачилик ва миллий кийимларининг ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер