ФАО хавфли кимёвий моддалар билан ишловчи ходимларга ҳимоя воситалари топширди

11:06 26 Декабрь 2025 Жамият
112 0

Жиззах вилоятидаги заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа хавфли чиқиндилар учун мўлжалланган махсус полигон ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ходимлари учун «Пестицидлар ва бошқа хавфли кимёвий моддалар билан ишлашда шахсий ҳимоя воситаларининг аҳамияти ва улардан тўғри фойдаланиш» мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди. Мазкур махсус полигон Миллий қўмита тизимидаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги назорати остида фаолият юритади.

Ўқув-семинар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ФАОнинг «Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак» лойиҳаси доирасида ўтказилди. Семинар давомида иштирокчиларга пестицидларнинг токсикологик гуруҳлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган пестицид турлари, пестицидларнинг инсон организмига таъсир этиш йўллари ва соғлиққа таъсири, шахсий ҳимоя воситаларининг турлари ва улардан тўғри фойдаланиш қоидалари, заҳарланиш турлари ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш чоралари ҳақида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, тренинг доирасида шахсий ҳимоя воситаларининг ҳар бир элементи бўйича амалий намойишлар ўтказилиб, уларни тўғри кийиш ва ечиш, тозалаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш тартиблари тушунтирилди.

Ўқув-семинар якунида лойиҳа доирасида махсус полигон ходимларига моддий-техник кўмак сифатида шахсий ҳимоя воситалари тўпламлари топширилди. Ушбу тўпламлар икки фильтрлаш тизимига эга тўлиқ юз ниқоби (респиратор) ва мос алмаштириладиган фильтрлар, махсус ҳимоя пойабзали, резина этиклар, резина қопламали иш қўлқоплари, бир марталик юпқа нитрил қўлқоплар, ҳимоя каскалари, синмайдиган ҳимоя кўзойнаклари, ҳимоя комбинезонлари ҳамда биринчи ёрдам қутисини ўз ичига олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер