Европа Иттифоқи Россияга қарши иқтисодий санкцияларни узайтирмоқчи бироқ…

09:47 01 Июль 2025 Дунё
128 0

Европа Иттифоқи Россияга қарши иқтисодий санкцияларни 2026 йил охиригача узайтирди. Европа давлатлари Россиянинг Украинага нисбатан давом этаётган ҳарбий ҳаракати туфайли жорий қилинган иқтисодий чеклов чораларини яна бир йилга узайтириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда 30 июнь куни Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари маълум қилди.

Мазкур ҳужжатда қайд этилишича, Россия халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларини бузишда давом этар экан, унга нисбатан аввалги барча санкциялар тўлиқ кучда қолади. Европа Иттифоқи ушбу чораларни Россиянинг «асоссиз, ноқонуний ва тажовузкор ҳарбий ҳаракатларига» жавобан киритганини эслатиб ўтди.

Амалдаги иқтисодий санкциялар савдо, молия ва энергетика соҳаларини, шунингдек саноат ва транспорт йўналишларини ўз ичига олади. Хусусан, Россия нефтининг денгиз орқали Европа Иттифоқига импорт қилиниши тақиқланган, бир нечта Россия банклари SWIFT халқаро тўлов тизимидан узиб қўйилган.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ҳозирда Россияга қарши санкцияларнинг 18-пакетини тайёрламоқда. Янги чекловлар Россиянинг энергия ресурслари савдосидан тушаётган даромадини қисқартириш, молия ва ҳарбий соҳаларини нишонга олишни кўзда тутади. Жумладан, Россия хомашёсидан тайёрланган нефть маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаш, шунингдек, Россиянинг «соя флотига» мансуб 77 та кемани санкциялар рўйхатига киритиш таклиф қилинмоқда.

Бироқ янги санкциялар пакети юзасидан барча давлатлар бир фикрда эмас. Хусусан, Венгрия ва Словакия Европа Иттифоқининг Россия энергия ресурсларидан босқичма-босқич воз кечиш режаларига қарши чиқиб, санкцияларни блоклаш билан таҳдид қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, санкциялар пакети кучга кириши учун барча Европа Иттифоқи аъзоларининг якдил розилиги талаб этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?