“Эътиборсиз қолдириб бўлмайди” — Қатар Исроилнинг Доҳага қилган ҳужумига жавоб қайтаришга ҳақли эканини билдирди

10:18 10 Сентябр 2025 Дунё
101 0

Фото: Reuters

Қатар мамлакат пойтахти Доҳага қилган ҳужуми учун Исроилга жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бу фикрларни Қатар Бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний айтиб ўтди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Қатар ўз суверенитетининг бузилишига тоқат қилмайди. Мамлакат Исроил зарбаларига жавоб бериш ва келажакдаги ҳужумларнинг олдини олиш учун комплекс ёндашувни қўллайди.

“Давлатлар суверенитетини ўйламай бузишга қаратилган ҳаракатларни эътибордан четда қолдириб бўлмайди, ва уларга қарши барча воситалар билан курашиш керак”, — дейди Қатар Бош вазири.

Сиёсатчининг таъкидлашича, Доҳа аллақачон дўст давлатлар билан алоқага чиққан ва тез орада Исроил ҳужумига жавоб чораларини эълон қилади. Шунингдек, у Исроилнинг Доҳага берган зарбасини давлат терроризми деб атади.

Нетаньяҳу Қатарга зарба бериш сабабини айтди

Шу йилнинг 9 сентябрь куни Исроил мудофаа кучлари Доҳада ҲАМАСнинг юқори раҳбариятига аниқ зарба берганини эълон қилди. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац билан биргаликда баёнот бериб, мамлакат Қуддусдаги отишма ортидан шундай қарорга келганини айтди.

“Қуддус ва Ғазо секторидаги қонли ҳужумлардан сўнг барча хавфсизлик хизматларига ҲАМАС етакчиларининг хатти-ҳаракатларини бостиришга тайёргарлик кўриш буюрилди. Мудофаа вазири бу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлади”, — дейди Нетаньяҳу.

Нетаньяҳу ва Кац, шунингдек, Доҳадаги ҲАМАС раҳбариятига берилган зарбаларни ҳам асосли деб ҳисоблади, чунки уларга кўра, Фаластин ҳаракати етакчилари 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум уюштиришган ва тайёрлаганлар.

Нетаньяҳу идораси Исроил Қатарда жойлашган ҲАМАС раҳбариятига қарши операция ташаббускори ва мустақил равишда амалга оширганини ва бунинг учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олганини билдирди.

Трамп бу ҳужумда Нетаньяҳуни жавобгар деб атади

АҚШ президенти Дональд Трамп Доҳага зарба бериш қарори уни эмас, Исроил бош вазириники эканини айтди. Шунингдек, сиёсатчи Қатарга бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда берди.

“The Jerusalem Post” нашрининг ёзишича, АҚШ Исроилга Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати раҳбариятига зарба бериш учун яшил чироқ ёққан.

“АҚШ расмийлари Доҳада ҲАМАС раҳбариятига қилинган ҳужум ҳақида билишган ва тегишли операцияни амалга ошириш учун яшил чироқ ёқишган”, — дейилади газета хабарида.

Бироқ, “Ал-Жазира” телеканали АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий хизматчиларига таяниб, улар Исроил операциясидан бехабар эканликларини хабар қилди. Ҳарбий хизматчилар бу ҳақда Доҳага берилган зарбалардан кейингина хабардор бўлишганини қўшимча қилди. Бироқ улар “Оқ уй Исроилнинг режалари ҳақида олдиндан хабардор қилинганми?”, деган саволга жавоб бера олишмади.

АҚШ Исроилнинг Доҳага берган зарбасидан норози

Исроилнинг Доҳага ҳужуми ҳақидаги хабар Оқ уйни ҳайратда қолдирган ва Трамп маслаҳатчиларининг ғазабини келтирган.

“Axios” маълумотларига кўра, Қатарга зарба АҚШ президентининг Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича янги таклифига ҲАМАСдан жавоб кутаётган бир вақтда содир бўлган.

Cенатор Берни Сандерс, ўз навбатида, Нетаньяҳу ҳукумати назоратдан чиқиб кетганини айтди. Унинг фикрича, Қўшма Штатлар Исроилга ҳарбий ёрдамни тўхтатиши керак.

“Улар нафақат Ғазода болаларни оч қолдиришмоқда, балки АҚШнинг хавфсизлик бўйича ҳамкори Қатарни бомбардимон қилиш орқали халқаро ҳуқуқни ҳам бузмоқда”, — дейди Сандерс.

Исроил мудофаа кучларининг Доҳада Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати раҳбариятига уюштирган ҳужумини БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам қоралади. У Исроил томонининг ҳаракатларини “Қатар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўпол равишда бузиш” деб атади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?