Ерлардан оқилона фойдаланиш ҳамда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

11:07 26 Ноябрь 2025 Сиёсат
124 0

Самарқанд вилоятида яйлов ва ўрмон фонди ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, озуқабоп экинлар етиштириш ҳамда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича олиб борилган ўрганишлар натижалари Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, вилоятда сўнгги 3 йилда қарийб 30 минг гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилган. Жорий йилда барча тоифа фермер хўжаликлари томонидан 22,3 минг гектар майдон озуқабоп экинлар экишга ажратилган.

Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва сифатини ошириш мақсадида жорий йилнинг ўтган 9 ой давомида фермер хўжаликлари томонидан чет давлатлардан 5,1 минг бош қорамол, 8 минг бош қўй-эчки, 1,3 млн бош парранда олиб келинган.

Мазкур ишлар амалга оширилиши натижасида 51,5 млн дона инкубацион, 17,5 млн дона истеъмол тухум ҳамда 1507 тонна товуқ панжалари экспорт қилинган.

Вилоятда 688,2 минг гектар яйлов ер майдонлари ўтказилиб, хариталари тузилган ҳамда деградацияга учраган 1,4 минг гектар майдонга чўл озуқабоп экинлари экилган.

Ўрмон фонди ерлари 65,2 минг гектарни ташкил этиб, 2025 йилда 2,6 минг гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экинлари, 145 гектарга озуқа экинлари экилган ва 1,4 минг тонна маҳсулот олинган.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Хусусан, чорвачилик соҳаси учун зарур бўладиган кучли озуқа ем компонентларининг 60-70 фоизи импорт қилинаётганлиги сабабли, чорвачилик маҳсулотлари таннархи ортиб бормоқда.

Чорвачилик хўжаликларини озуқа билан узлуксиз таъминлашда айрим камчиликлар мавжуд эканлиги, жумладан озуқабоп экинлар етиштириш учун етарли даражада ер майдонлари ажратилмаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, вилоятда 5 минг гектардан ортиқ яйлов ер майдонлари деградацияга учраган яйловларнинг йилдан йилга озуқа маҳсулдорлиги пасайиб кетмоқда.

Йиғилиш якунида чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва озуқа экинлари ҳажмини ошириш, яйлов ер майдонларини тиклаш, ерларни деградацияга учрашини олдини олиш, ноқулай иқлим шароитларга чидамли экинлар уруғчилигини йўлга қўйиш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган Қўшма қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?