Ер ости сув сатҳининг пасайиб кетишига ўзимиз сабабчимиз

12:49 19 Январь 2026 Жамият
337 0

Мамлакатимиз шароитида дарёлар, каналлар ҳамда ер ости сувлари табиат ва аҳоли учун энг зарур чучук сув манбаларидан бири ҳисобланади. Ундан тартибсиз фойдаланиш оқибатида кўплаб ҳудудларда ер ости суви камайиб кетмоқда.

Шунингдек, сув ҳавзалари ва уларга туташ ҳудудларда қум-шағал материалларини рухсатсиз қазиб олиш ҳам атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши билан бирга, ер ости сув сатҳининг пасайишига ва экологик мувозанатнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилаётганига қарамай қоида бузарлар ҳамон тез-тез учраб турибди.

Хусусан, Оқдарё тумани Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси давлат инспекторлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд тадбири давомида туманнинг Янгиқўрғон МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқдарё дарёси ўзанидан Иштихон туманида яшовчи фуқаро З.У томонидан ноқонуний тарзда қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, юк ташувчи машиналарга юклаб беришаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушбу қонунбузарга нисбатан МЖтКнинг 70-моддаси прим 1-қисмига биноан, жами БҲМнинг 50 баробари, яъни 20 миллион 600 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди. Ҳайдовчининг техника воситаси эса, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қуйилди.

Ана шу каби қонунбузарликлар оқибатда ер ости сувларининг сатҳи пастлаб, дарахтларнинг томири ер ости сувларига қадар етиб боролмай қолгани ачинарли ҳол.

Қилаётган ишимизнинг оқибатини биз инсонлар қачон англаб етамиз...

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер