Эндиликда давлат ёрдами берилишига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Рақобат қўмитаси билан мажбурий тартибда келишилади
Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Муҳокама марказида бўлган Қонун билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

2023 йилда Рақобат қўмитаси вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган товар ва молия бозорларидаги рақобат масалаларига оид 614 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 142 тасида давлат ёрдами, яъни хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари каби имтиёзлар берувчи нормаларни аниқлаган.
Бундан ташқари, Рақобат қўмитаси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги ўрганилганда 717 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган.

Шу боис “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, ушбу Қонун билан “Рақобат тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритилиб, унга мувофиқ қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар қўллашда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан енгиллик берилмоқда.
Жумладан, иқтисодий жиҳатдан паст таъсир даражасига эга бўлган рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишини биринчи марта содир этган хўжалик юритувчи субъектга бундай ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш берилиши ва унга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмаслиги белгиланмоқда.

Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, ушбу Қонун рақобат соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро мувофиқлаштирилишига, товар ва молия бозорида соғлом рақобат муҳитининг таъминланишига ҳамда тадбиркорлик субъектларига нисбатан чоралар кўрилишида адолатнинг қарор топишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг