Электрон сигареталар тақиқланадими? Бобур Бекмуродов ўзининг жиддий хавотирларини билдирди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида келажак авлод соғлиғини сақлаш ва миллат генофондини соғломлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мутахассислар электрон сигареталарда 80 хил зарарли кимёвий бирикмалар мавжудлигини таъкидлашмоқда. Бу моддалар организмда никотинга қарамликни ошириши, ёшларнинг мия шаклланишига зарар етказиши ва интеллектуал қобилиятни пасайтириши мумкин.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистонда электрон сигареталар ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласини (ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, савдо ва импорт) тўлиқ тақиқлашни назарда тутади. Шунингдек, ноқонуний муомалага киритиш ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланиши режалаштирилмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган.
Муҳокамада депутат Бобур Бекмуродов шундай фикрларни билдирди: «Электрон сигареталарнинг зарари ҳақида кўплаб тадқиқотлар мавжуд, аммо бунга талаб ҳам бор. Электрон сигареталар мамлакатга кириб келяпти ва расман сотиляпти. Шунингдек, ушбу маҳсулот савдоси билан шуғулланаётган шахслар солиқ тўлаяпти. Бу эса қайсидир маънода моддий манфаат олиб келяпти. Тақиқлаш орқали электрон сигареталар савдосини ноқонуний айланмага айлантириб қўймаймизми? Бу соҳа яна бир хуфиёна иқтисодиёт соҳасига айланиши ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.»
Қонун ташаббускорларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 6,6 фоизи тамаки маҳсулотларини истеъмол қилади. Эркаклар орасида бу кўрсаткич 13,2 фоизни, аёллар орасида эса 0,4 фоизни ташкил қилади. Қонун қабул қилинса, тамаки маҳсулотларини назорат қилиш бўйича ижро органларига катта имкониятлар, Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаёровнинг таъбири билан айтганда «қўлини ечган» бўлади.
Депутатлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши орқали соғлиқни сақлашга катта ҳисса қўшилишини таъкидладилар. Шунингдек, депутатлар ушбу қонун лойиҳанинг қабул қилиниши иқтисодиёт ва туризмга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.
Қонун лойиҳаси ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва зарарли одатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу қарор келажак авлоднинг саломатлигини сақлаш учун муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Келгусида қонуннинг ижроси орқали аҳолининг соғлом турмуш тарзига ўтишига кўмаклашувчи чора-тадбирлар кенгайтирилиши режалаштирилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг