Эл бўлмаган элларга ўйинчоқ бўлади — А.Қодиров

09:48 07 Октябр 2020 Сиёсат
1158 0

Демократия — халқ иродаси. Халқ қарори деярли доимо иккига бўлинган, кўпчилик ва озчилик. Кўпчиликнинг қарори ҳурмат қилиниши демократиянинг ажралмас шарти. Бугун қайнаб турган иккита воқеа бор, ҳар иккисида озчилик норози.

Биринчиси, Белорусия. Озчилик, сайловни сохталаштирилган деган хулосага келди ва тахминан 10-15 фоиз аҳолининг фаол эътирози билан сайлов қайта ўтказилиши талаб қилинмоқда. Кўпчилик бу эътирозни рад этяпти. Сизни билмадиму, мен сайловни сохталаштирилганлигини кўрсатадиган биронта жўяли исбот кўрмадим (ҳокимиятда бир шахснинг узоқ вақт бўлишига эътироз - бошқа мавзу). Лекин, озчиликни ўз манфаати учун ўйнатаётган томонлар юзларини яширмаяптилар...

Иккинчиси, Қирғизистон. Озчилик сайлов натижасидан норози бўлди, бузғунчи тўдага айланди ва кўпчиликни оёқости қилиб сайловни қайтадан ўтказишни талаб қилди. Сайлов комиссияси ҳалол сайловчиларнинг қарорини беҳурмат қилиб, натижаларни бекор қилди, қайта сайловга рози бўлди. Икки ҳафтадан кейин қайтадан сайловлар куни белгиланади. Кейинги сайлов натижаларини ҳам бекор қилишни талаб қиладиган яна бирон тўда чиқмайди деб ким кафолат беради!? Эътибор беринг, Қирғизистонда электронлашган, ҳатто кўплаб ривожланган давлатларда ҳам бўлмаган овоз бериш тизими бор. Такрор сайловларда, зўравонлардан қўрқиб кетган сайловчилар фикрини ўзгартирармикан?

Бу нима? Демократиянинг инқирозими? Сайловлар кўпчилик ва озчиликни аниқлаб олиш эмас, уларни бир-бири билан тўқнашувими? Озчилик доимо рози бўлмаган. Ютқазган кам ҳолларда айбни ўзидан излайди. Доим шубҳалар учун шарпалар бўлган. Шубҳалар асосли ҳам бўлиши мумкин, бундай ҳолат учун ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг тан олинган тизими бор-ку? Ёки, янги қурол ўйлаб топилдими? Озчиликни тўдага айлантириб мақсадларга хизмат қилдириш...

Бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин. Инсон бетарбия бўлиб кетди. Ўз манфаатидан бошқасини рад этадиган жамоалар турли шаклларда кучайиб бормоқда — шахслар, гуруҳлар, давлатлар... Менга ёки гуруҳимга ёқмаган ҳар қандай қарор адолатсиз, нотўғри, ёмон! Бундай эгоцентристик дунёқараш онгостига жойлашиб қолган шахс ва жамоаларнинг жамиятлар, ҳатто дунё хотиржамлигига таҳдиди жиддий даражага чиқди.

Хулоса қилайлик, фарзандларимизни тўғри тарбия қилайлик. Гоҳида ноҳақ бўлишимиз ёки одамларни ҳақлигимизга ишонтира олмаслигимиз мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак. Биринчи ҳолатда ўзимизни, иккинчи ҳолатда одамларни ўзгартириш учун изланиш ва ишлаш керак.

Эл бўлмаган элларга ўйинчоқ бўлади.

Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик
партияси Марказий кенгаши раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?