«Дўппи тикдим ипаклари тиллодан...»

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Нурота тоғлари жанубда ҳосилдор ерлар, шимолда лалмикор текисликлар орқали бепоён Қизилқум чўлликларига туташиб кетади. Мазкур ҳудуддаги ўнлаб қишлоқ ва овулларда минг-минг йилдирки нуроталиклар истиқомат қилиб, турмуш тарзи, удум ва анъаналари, одат ҳамда моддий ва номоддий улкан маданий мероси билан умуминсоний қадриятлар хазинасида бебаҳо улушга эга.
Улар орасида эллик минг йиллик тарихга эга Нурота чашмаси шунчаки оби-ҳаёт манбаси эмас, балки эл маънавий бойлигининг тимсоли сифатида ҳам қадрли. Ушбу булоқ офтобга тутган кўзгу зиёсида юртимиз улкан маънавий захираларининг бобомерос бойликлари жилва қилади. Чашма собит тоғлар бағридан сув олганидек, нуроталикларнинг маънавий баҳра илдизлари қадим-қадим ўтмишга боғланган. Хусусан, ҳар бир оилада ўз мактабига эга чеварлик Чашмага тенг тарихга эга. Янги-янги жиҳатлар билан сайқал топган мазкур санъат эндиликда улкан маънавий мерос сифатида турли тадқиқотлар манбаи ҳамдир. Ҳар бир каштачилик намунаси ўз даврининг кайфиятини ифодалайди.
— Каштачилик мактаблари орасида Нурота каштачилиги ўзининг композицион тузилиши ва ёрқин колорити билан ажралиб туради, — дейди нуроталик санъатшунос Амин Қодиров. — Ҳаётда бевосита қўлланадиган турли шаклдаги каштачилик буюмлари «сўзана», «нимсўзана», «зардевор», «жойпўш», «белбоғ», «пешонабанд», «шона-халта», «ойна-халта», «қаламдон-қопи» каби буюмларнинг ҳар бирига ишлатилишига кўра нақш танланади. Бизнинг анъанавий каштачилигимизда шоҳ, новда, барг сингарилар қўшимча унсурлар сифатида қўлланилиб, асосий моҳиятни очиб бериш, гуллар зиммасига юклатилади. Ҳар бир тасвир орзу ниятни ифода этади. Масалан, анор — фарзанд белгисини англатса, қалампир — ёмон кўзлардан асрагувчи тумор сифатида англашилади, бодом — ризқ-рўз, очилган гуллар — муҳаббат, шохчали гуллар мажмуаси — фаровон ҳаёт, қушлар бахт-омадни ифодалайди.
Нурота каштачилик мактаби хом-ашёга дастлабки ишлов беришдан тортиб, якунида тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни қамраб олиши билан ажралиб туради. Бунда у санъат даражасига кўтарилганлиги, ҳар бир намуна алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда маълум бир йўналишлар ўз аксини топганлигида кузатиш мумкин. Турли нақшлар, новда, барг, гуллар сингари унсурлар бу ерда халқнинг орзу-ҳавас, турмуш тутумини ифодалайди.
— Нурота каштачилиги ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини таъминловчи омиллардан бири, — дейди санъатшунос Мусаллам Ибрагимова. — АҚШ, Хитой, Франция, Япония ва яна бошқа ўнлаб мамлакатлардан келган сайёҳлар нуроталик чеварлар томонидан тайёрланган санъат асарлар қошида узоқ туриб, ўз ҳайрат ва таҳсинларини изҳор этишади. Франциялик сайёҳ Доминико Биго «Ўзбекистон ниҳоятда бой тарихга эга, маданий мерос қадрланган мамлакат. Биргина халқ амалий санъатининг ўзи минг-минг йиллик тараққиётни кўз ўнгингизда гавдалантиради», деб музейимиз ташриф китобига ёзиб кетди.
— Ўзбекистонга сайёҳлик ташрифимизнинг энг эсда қоларли воқелиги нуроталик аёлларнинг каштадўзлиги бўлди, — дейди швейцариялик сайёҳ Элвира Эберхард. — Ушбу санъат ҳудудда қизларга болалигиданоқ ўргатилиши, буви ва оналарнинг кейинги авлодга устозлиги, унинг минг-минг йиллардан буён изчил давом этаётганлиги ҳайратимни оширди. Нурота каштаси ва Чашмаси учун яна юртингизга келмоқчиман.
Нурота каштачилиги қадим-қадимдан аёлларнинг бандлигини таъминлашдек ижтимоий аҳамиятни касб этиб қолмай, унинг сиру синоатини ўрганиш жараёнлари қайнона-келин муносабатларида самимият омили ҳамдир. Санъатгагина хос нафосат, сабру қаноат каби хислатлар боқийлигини таъминловчи улкан тарбия мактаби. Ҳамсуҳбатимиз Саодат Раҳматованинг учинчи аср билан юзлашган момомерос каштасини ҳамон сотмаганлигини шундай изоҳлайди.
— Бу сўзана мен билан қўшиб ҳисоблаганда олтинчи авлодни кўряпти, – дейди таълим фахрийси С. Раҳматова, — Уни сотиб бўлмайди, фақат мерос қилиб бериш керак. Менга қайнонам раҳматли қандай топширган бўлса, келинимга шундайлигича қолдираман.
Нурота каштачилик мактабининг бугунги равнақида санъатсевар ёшлар аллақачон эстафетани қўлга олишган. Улар ҳудуд каштачилик мактабининг анъанавий йўналишларини Бухоро, Қашқадарё, ҳатто Тожикистон каштачилик мактаблари композиция ва нақш унсурлари билан бойитиб, бир қатор халқаро кўргазмаларда иштирок этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг