ДХХ 8,5 гектар майдонни 7 млн 300 минг АҚШ долларига пулламоқчи бўлган шахсларни қўлга олди (+видео)
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ер майдонлари билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, Тошкент вилояти ҳокимлигининг инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бош мутахассиси, Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчиси, 1980 йилда туғилган риэлтор ва 1996 йилда туғилган шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киради.
Улар Чирчиқ шаҳрида жойлашган ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ балансидаги 8,5 гектар ер майдонини фуқарога 6 миллион 800 минг АҚШ долларига сотиш ҳамда ушбу ҳудудга электр, газ таъминоти, оқова сув йўлларини ўтказиш учун техник шарт ва рухсатномалар, шунингдек, қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатнома олиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари, жами 7 миллион 300 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, ушбу шахслар сўралган пул маблағи ҳисобидан 160 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу каби яна бир ҳолатда эса Тошкент шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро 2022 йилнинг октябрь ойида маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш мақсадида Яшнобод туманида жойлашган 80 м² ер майдонини «E-auksion» дастури орқали ютиб, 49 йил муддатга ижарага олади.
Аммо, турли сабабларга кўра, қурилиш ишлари тўхтаб қолиб, ер майдонидан узоқ муддат давомида фойдаланилмаганлиги боис, 2025 йилнинг сентябрь ойида Яшнобод тумани ҳокимлиги томонидан ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича фуқаролик судига даъво аризаси киритилади. Лекин, тадбиркор томонидан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилгач, суд унинг фойдасига ҳал қилув қарор қабул қилади.
Суд жараёнларида даъвогар сифатида қатнашган Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юрисконсульти эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бермаслик эвазига тадбиркордан 5 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ҳокимлик бош юрисконсульти тамагирлик йўли билан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг