«Давлат тили ҳақида»ги Қонунни бузганга қандай чоралар қўлланилмоқда?

16:01 07 Ноябрь 2020 Жамият
3602 0

Архив сурат

Тил инсониятга берилган энг буюк неъматлардан бири. Миллат, жамият тараққиёти, тарих жараёнлари, энг аввал, тильда акс этади. Унда халқ ҳаёти, миллий мафкура ифодаланади, рўёбга чиқади. Тил — инсон фаолиятини бошқариб турувчи муҳим восита, демак, у халқнинг маънавий мулкидир.

Ҳар бир миллатнинг ўзига хос миллий маданияти, тили, урф-одатлари, қадриятлари мавжуд. Миллатнинг қандай миллат эканлиги эса унинг ўз она тилида намоён бўлади.

Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлади. Бу давр ичида тилимиз букилган қаддини яна тиклаб олди, унда битилган нодир асарлар нашр қилинди, тилимиз дунёга бўй чўза бошлади. Энг асосийси, юртдошларимизда ўзбек тилида гапириш, мустақил фикрлаш ва бундан фахрланиш туйғуси — дахлдорлик шаклланди.

Ҳар бир мустақил мамлакат ўзининг давлат тилига эга экан, шу тил равнақи учун курашиши табиий. Чунки тилнинг давлат тили мақомида бўлиши шу давлатнинг мустақиллигини кўрсатувчи муҳим шарт ва талабларидан бири.

Давлат тили — давлатнинг ўз фуқаролари билан гаплашадиган расмий тилидир. Давлат тилида жамият соҳаларида иш юритиш фаолияти олиб борилади, қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тайёрланади. Ўтган йиллар ичида ўзбек тилининг давлат тили сифатида барқарорлашуви, хизмат доирасига кўра кенгайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу, албатта, ижобий ҳол. Шу билан бирга, она тилимизга айрим фуқароларда беписанд муносабат кўзга ташланаётгани ҳам бор гап.

«Давлат тили ҳақида»ги Қонунни ҳалигача ҳаётимизга тўлиқ жорий этолмаяпмиз. Нега? Бунинг сабаблари талайгина. Улардан бири ушбу Қонунни бузганга амалда ҳеч қандай чора йўқлигидир. «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 10-моддасида шундай дейилади: «Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади». Хўш, юритилмасачи, бунга қандай жазо ёки жавобгарлик белгиланган? Назаримизда, бугун давлат тилни ўз ҳимоясига олиши керак, бу борада унинг ўзи халққа ўрнак бўлиши лозим.

Мамлакатимизда хорижий тилларга эътибор кучайиб боргани сайин одамлар ўз тили қолиб, бошқа тилларни ўрганишга киришиб кетдилар шекилли, қаерга борманг, ажнабий сўзларни эшитишга қулоғимиз, имло қоидаларига бўйсунмаган ёки чет тильда ёзилган ёзувларга кўзимиз кўникиб қолди. Жамоат жойлари, бино ва иншоотлар, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама воситаларида ҳали-ҳамон кўплаб имло ва услубий хатолар учраётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳар куни кўчага чиқар эканмиз, янгидан-янги бунёд этилаётган бинолар, боғ ҳамда хиёбонлар инсонга хуш кайфият бағишлайди. Ана шундай пайтларда бир нарса кўнгилни ғаш қилади. У ҳам бўлса, хорижий тильда ёзилган пешлавҳа, реклама, эълонлар ва бу ёзувлардаги лисоний хатолардир. Кундан-кун замонавийлашиб, чирой очиб бораётган кўчаларда тўғри ёзилган ўзбекча матнларни учратиш мушкул бўлиб қолди. «Давлат тили ҳақида»ги, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган талаблар бузилаётганлигининг гувоҳи бўлиш эса нақадар аянчли. Ва ҳақли савол туғилади: реклама ҳамда эълонларда учраб турадиган қўпол имло хатолари учун ким жавобгар? Реклама берувчими ёки реклама агентлиги?

Мисол учун, кўча-кўйда (имлони фарқламаслик) “Апteka”, “Сavdo dukoni”, (ўзбек тили ва бошқа тилларнинг аралашувидан ҳосил бўлган) «Курилиш товарлари», «Обув дўкони» каби ёзувларга гувоҳ бўласиз. Ачинарлиси шуки, бошқа тилларда қўйилаётган айрим номлар таржима қилинганда миллий қадриятлар ва маънавиятимизга зид маънодаги сўзлар келиб чиқади. Бу эса аҳоли орасида саводсизлар сонининг кўпайишига замин яратмоқда. Шунингдек, кўчалардаги эълонларда «Бухара шашликлари», «Самса с мясом, с картошком», «Сомса № 1» каби сўзлар катта ҳарфларда ёзилганини учратиш мумкин. Ҳолбуки, бу на она тилимизда ва на рус тилида тўғри ёзилган. Қолаверса, жуда кўп жойларда янги ташкил этилаётган корхона, ташкилот, ошхона ёки ишлаб чиқариш ҳудудлари пештоқларига «Скоро открытие», «Мы открылис», деб ёзиб қўйилади. Шунинг ўрнига «Биз иш фаолиятимизни бошладик» ёки «Биз ишга тушдик» каби жумлалар ёзилса ҳам бўладику!

Бу каби палапартиш ва хато ёзувлардан истаганча мисол келтириш мумкин. Масалан, улгуржи савдо дўконларининг пештоқига «оптом» деб ёзиб қўйилган. Агар ўша ёзувлар ўзбек тилида ёзилса, шу дўкон ёхуд ошхонага ҳеч ким кирмай қўядими? Савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи савдо дўконлари, умумий овқатланиш жойларида ҳамда уларнинг интернет сайтларида «распродажа», «скидка», «доставка» каби сўзларни ҳам кўп учратиш мумкин. Ваҳоланки, ўзбек тилида ушбу сўзларнинг «чегирма», «етказиб бериш», «арзон нархда» каби муқобиллари мавжуд.

Рекламалардаги имловий, услубий хатолар савдо-сотиқ, аҳолига турли хизматларни кўрсатувчи, умумий овқатланиш, тўйхона каби объектларда кўп кузатилади. Энг ачинарлиси, уларнинг кўпчилиги европача номлар билан аталган. Майли, хорижий тильда ҳам бўлгани яхши, аммо, аввало, ўзбек тилида, сўнг унинг ёнида бошқа тильда бўлиши мақсадга мувофиқ эмасми?!

Устига-устак тижорат мазмунидаги реклама ва эълонлардаги хато матнларни ўқиб, дилингиз хуфтон бўлади. Уларнинг ўзбекчада берилган таржималарида услубий хатолар ғиж-ғиж. Лингвистика талабига кўра, бирор-бир тилга бошқа тильдан сўз ёки сўз бирикмаси ўзлаштирилса, бунда ўша сўз ёки фикрнинг оригиналдаги маъноси диққат-эътиборда бўлмоғи лозим. Мазмунга эътибор бермаслик, сўз мавқеига салбий таъсир қилиши мумкин. Сўз ўзлаштириш талаби ҳар бир миллат тили учун муҳим ҳисобланиб, бунда адабий тилнинг барча жиҳати кўзда тутилиши шарт. Акс ҳолда, сунъийликка, ноаниқликка йўл қўйилади. Натижада сўзнинг қиймати, мазмун-моҳияти йўқолади. Афсуски, бундай ҳолат таржимачилик амалиётида тез-тез учрайди.

Тўғридан-тўғри, сўзма-сўз қилинган таржима мантиқий хатоликларни келтириб чиқаради. Жуда кўп ўринларда Қонуннинг 20-моддасига, яъни ёзувлар, аввало, давлат тилида берилиши, кейин бошқа тилларга таржима қилиниши зарурлигига амал қилинмаган. Албатта, ҳеч ким тараққиётга, рус ва инглиз тилларида берилаётган рекламаларга, хорижлик меҳмонлар учун тушунарли бўлган ёзувларга қарши эмас. Тўғри, хорижий тилларни ўрганиш ҳаммамиз учун керак, бу — давр талаби. Бироқ четдан кирган сўзларни ўринсиз ишлатавериш тил тараққиёти учун акс таъсир кўрсатиши мумкин. “Интернеткомпьютер, “лизингмаркетингколлежлицеймодернизация, “флешкаклик сингари лексемаларнинг тилимизда қўлланилишининг қонуний асослари бор. Аммо бачкана, ўзбек тилига ҳеч қачон ўзлашмайдиган сўзларни қўллаш, уларни ўз фирма ва корхоналари номига қўшиш, реклама сифатида фойдаланиш қайси қоидаларга тўғри келади?! «Бистроф», “Шеф Burger”, «Чайхана Салом», «Магазин 1001 мелоч», «Главвус» каби номлар она тилимизни бойитиш учун эмас, аксинча, сийқалаштириш учун хизмат қилишдан бошқага ярамайди.

Хўш, бу муаммони қандай ҳал этиш мумкин? Агар хорижий тиллардаги сўзлардан фойдаланишга маълум бир чеклов қўйилса, ўз она тилимиздаги сўзлардан унумли ҳамда ўринли фойдаланишга эътибор кучаярди. Реклама берувчи ёки реклама агентлиги хатоларга эътиборсизлик билан қараса, уни бартараф этиш учун ҳеч қандай чора кўрмаса, фуқаролар кимга шикоят қилиши мумкин? Хатоларни бартараф қилиш масаласига бундай эътиборсизлик билан қараган реклама берувчи шахс ёки реклама агентлигининг хатти-ҳаракатларини менсимаслик ёки эътиборсизлик ва паст назар билан қараш дея таърифлаб, уларни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинми?

Юқоридаги каби ҳолатларга қабул қилинган қонун ва қарорлардаги камчиликлар ҳам сабаб бўляпти, назаримизда. Чунки 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида ёзилишича, «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади». Шунинг учун ҳам бизда хорижий тильда исталганча реклама бериш, исталган тильда ном қўйиш авж олган. «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасидаги «Рекламанинг тили»ни «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 20-моддаси билан мувофиқлаштириш лозим. Шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 8 ҳамда 9-моддаларида реклама берувчи ёки тайёрловчи зиммасига рекламанинг давлат тилида ва бошқа тилларда тўғри ёзилиши, яъни имло қоидаларига амал қилиниши мажбуриятини юклаш зарур, деб ҳисоблаймиз. Барча реклама берувчилар, буюртмачилар учун экспертиза марказининг хулосасини олиш мажбурий бўлиши, ундан сўнг буюртма бажарилиши керак. Шундагина бу муаммо бартараф этилади.

Демак, бу борада ҳам норматив ҳужжатларимизда айрим камчиликлар мавжуд. Мухтасар айтганда, рекламаларда давлат тилидан фойдаланишдаги хатоларнинг олдини олиш «Давлат тили ҳақида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги қонунлар орқали тартибга солинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Г. ҒУЛОМОВА,

Д. РАСУЛМУҲАМEДОВА

ТДЮУ Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доцентлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер