Давлат Тест маркази Бухоро вилоят бўлимининг республикада ягона саналган замонавий биноси фойдаланишга топширилди

Фото: Халқ сўзи
Абитуриентлар, у ёки бу соҳа ходимларининг тест синовларини рисоладагидек топширишлари, имтиҳонларнинг шаффоф, очиқ ва адолатли ўтиши кўп жиҳатдан яратилган шарт-шароитларга боғлиқ. Сир эмас, шу пайтга қадар тест синовлари спорт мажмуалари, ҳатто стадионларда ўтказилар ва бу қатор ноқулайликларни юзага келтирарди. Бухорода айнан шу масалага оқилона ечим топилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат Тест маркази вилоят бўлими учун бир сменада 1100 нафар абитуриентни синовдан ўтказиш имкониятига эга замонавий мажмуа қурилиб фойдаланишга топширилди. Ҳозирча республикада ягона саналган бу объект қурилиш ишлари учун 21,1 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. Мажмуа абитуриентларни текшириб киритишга мўлжалланган бино, 1100 ўринли павильон, тиббиёт хонаси, 48 ўринли ошхона, 6 та компьютер синф хонаси, 2 та дам олиш ҳамда бўлим ходимлари хоналаридан иборат. Бино ичида 28 та стационар кузатув камераси, 4 та 360 градусли шахсни индентификация қилиш камераси ўрнатилган. Видеокузатиб хонасидаги йирик экранли телеэкранлар тест синовлари жараёнини узлуксиз кузатиб бориш имконини беради. Мажмуада ота-оналар учун 600 ўринга мўлжалланган кутиш жойи ҳам барпо қилинган.
— Бинo йил давoмида тeст ўтказиш учун мoслаштирилган, — дейди Давлат Тест маркази Бухоро вилоят бўлими бошлиғи Неъмат Севинчев. — Шу мақсадда маҳаллий ҳокимлик маблағлари ҳисобидан 2,2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, сoвутиш ва иситиш тизими ўрнатилди. Марказимиз томонидан йил давомида 46 турдаги тест синовлари ўтказилади. Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига, Президент мактабларига кириш, раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тест синовлари шулар жумласидан.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган, имкониятлари жиҳатидан республикамизда ноёб саналган бу мажмуа, шубҳасиз, тест синовларининг шаффоф, адолатли, холис ўтишини таъминлашга хизмат қилади. Иқтисодиёт тармоқлари учун ҳар томонлама билимли, салоҳиятли кадрлар тайёрлашга замин яратади.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси А. Абдувоҳидов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат Тест маркази директори ўринбосари С. Ражабов ана шуни алоҳида таъкидладилар.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг