АҚШ Давлат департаменти ходимлари мамлакатнинг Исроилга нисбатан позициясини танқид қилувчи мурожаат тайёрламоқда — ОАВ
Иллюстратив фото
АҚШ Давлат департаменти ходимлари департаментнинг Яқин Шарқдаги можарога доир сиёсатини танқид қилувчи ҳужжат тайёрламоқда. Бу ҳақда “Huffington Post” нашри ўз манбаларга таяниб ёзмоқда.
Давлат департаментининг икки ходимига кўра, у Исроил ҳаракатларини бир томонлама қўллаб-қувватлаш ва фаластинлик тинч аҳолининг азоб-уқубатларига эътибор бермасликка салбий баҳо беради. Мақолада айтилишича, бундай ҳужжатлар юқори мартабали амалдорларга ёпиқ каналлар орқали узатилади ва Давлат департаментида муҳим тарихий дақиқаларда жиддий келишмовчиликларнинг изчил баёноти сифатида кўрилади.
Ходимларнинг таъкидлашича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва унинг маслаҳатчилари кенг тарқалган ички норозиликдан бехабар. Давлат департаментининг яна бир ходими таъкидлаганидек, департаментда барча даражадаги исён кўтарилмоқда. Бундан ташқари, Конгрессда норозилик кучайиб бормоқда — ОАВ хабарларига кўра, мусулмон ва яҳудий миллатига мансуб 400 нафардан ортиқ ходим Вакиллар палатасига Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарода ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватлашга чақирган очиқ хатни имзолаган.
“Биз яҳудий ва мусулмон илдизларига эга Капитолий ходимларимиз ва уларнинг иттифоқчиларимиз. Бугун биз АҚШ Конгресси аъзолари бўлмиш бошлиқларимиздан Исроил ва ҲАМАС ўртасида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириқларига қўшилишни сўраймиз”, дейилади ҳужжатда.
Куни кеча Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер айтганидек, Яқин Шарқдаги ҳозирги вазиятда, Вашингтон назарида, энг тўғри қадам бу можаро томонлари ўртасида воситачилик қилиш эмас, балки Исроил Мудофаа кучларининг ўз мамлакатини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларидир.
Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви
Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва Исроил ҳудудига ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олган. Шу фонда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди.
Исроил мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади. Исроил ҳаво кучлари Ғазо секторига юзлаб зарбалар берди. Ушбу ҳудудга сув, озиқ-овқат, электр ва ёқилғи етказиб бериш тўхтатиб қўйилди.
Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида қурбонлар сони 3785 нафарга етган, улардан 1524 нафари болалар ва минг нафари аёлларни ташкил этади, дея хабар берди маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Исроил расмий идоралари маълумотларига кўра, ҲАМАС ҳужумлари оқибатида 1300 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бундан ташқари, турли ҳисоб-китобларга кўра, 250 нафаргача исроиллик ҲАМАС қўлига асирда сақлаб турилган бўлиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг