Даъваткор сўз қудрати

15:06 27 Ноябрь 2024 Жамият
406 0

Президентимиз ўтган ҳафта янги таркибдаги парламентда бўлиб ўтган қатор мажлисларда сўзга чиқиб, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичидаги муҳим масалалар бўйича асосий йўналишларни белгилаб бергани катта тарихий воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари нутқларида билдирилган фикрлар нафақат сенатор ва депутатлар, балки шу юртни Ватани деб билган, ўз фаолиятини мамлакат равнақи, эл фаровонлигига бахшида этган ҳар бир инсон учун чинакам дастуриламал бўлди, десак, адашмаймиз.

Тарихий уч кун

Давлатимиз раҳбари 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида депутатларни шарафли мақомга сазовор бўлгани билан қутлар экан, соҳадаги ютуқларни эътироф этиб, келгусидаги вазифаларни, янги марраларни белгилаб берди. Жумладан, халқ вакиллари эндиликда тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунларни яратиши, парламент назоратини тўлақонли таъсирчан институтга айлантириши лозим. Сайлов округларидаги фаолиятларида фақат учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб бериш билан чекланиб қолмасдан, барча ислоҳотларнинг энг фаол иштирокчиси ва тарғиботчилари бўлиши зарур.

Шунингдек, келгуси беш йилда Қонунчилик палатаси олдида ғоят улкан вазифалар турибди. Хусусан, қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши керак. Янги даврда парламент чинакам “халқ уйи”, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши даркор.

Президентимиз 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида ҳам қатор ғоя ва таклифларни илгари сурдики, уларнинг ҳар бири халқимизнинг азалий орзу-мақсадлари рўёбига хизмат қилади. Масалан, энди Сенат қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиши зарур. Айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий Кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Сенат маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тизимли таҳлил қилиб, уларга кўмаклашиб бориши керак. Умуман, сенатор мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзини дахлдор ҳис қилиши, уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун жон койитиши лозим. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, давлат ва халқ хизматчисининг — у сенатор ёки депутат бўладими, ҳоким ёки вазир бўладими — раҳбарлик масъулиятини ўз зиммасига олганидан сўнг беғам-бепарво, лоқайд бўлиб юришга, ҳузур-ҳаловатга берилиб яшашга маънавий ҳаққи йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги иштироки ҳам тарихий воқелик бўлди. Унда Шавкат Мирзиёев янги Ҳукумат, барча раҳбарлар олдидаги энг муҳим вазифаларга эътибор қаратди. Жумладан, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлаш зарур. Ҳукумат 2030 йилгача ишсизликни халқаро эътироф этилган даража — 5-6 фоиздан оширмаслик бўйича долзарб вазифаларни ҳам самарали ҳал этиши лозим. Иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстиришда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларига алоҳида аҳамият қаратиш керак. Шу билан бирга, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш бўйича катта дастурларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш — ҳамиша Ҳукуматнинг кун тартибида туриши керак бўлган асосий вазифалар.

Президентимиз томонидан ўртага ташланган ғоялар, илгари сурилган ташаббуслар бизни атрофимизда бўлаётган ўзгаришларга теран нигоҳ билан қарашга, зиммамиздаги вазифаларга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда мутлақо янгича ёндашишга ундади.

Биз бугун буюк эврилишлар даврида яшаяпмиз. Жонажон Ватанимиз кундан-кунга ривожланиб, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда. Юз йилларда бир келадиган мана шундай масъулиятли паллада Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиш бугунги авлоднинг тарихий миссиясидир.

Гуҳари шарифроқ йўқ ондин...

Ҳаётининг асосий қисмини журналистика соҳасига бағишлаган инсон сифатида ишонч билан айтишим мумкинки, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари учун ҳам бугунгидек масъулиятли давр ҳеч қачон бўлмаган. Бугун журналист юз бераётган ўзгаришларни четдан кузатиб, ёритиб борадиган солномачи эмас, балки уларнинг бевосита иштирокчисидир. Биз ўз сўзимиз билан одамларнинг дунёқарашини шакллантириш, эл-юрт тақдирига дахлдорлик, масъулият туйғуларини кучайтириш, уларни эзгу мақсадлар йўлида ҳаракатга ундаш, шу орқали кечаётган жараёнларга таъсир кўрсатиш кучига эгамиз.

Бу ҳақда гап кетар экан, журналистиканинг асосий қуроли — сўзнинг қудратини англаш ва ундан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталиш жоиз. Зеро, бу халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат, очиқ ва эркин фуқаролик жамияти қуришга қаратилган эзгу мақсад-муддаоларига ҳамоҳангдир.

Нега деганда, сўзнинг қудратини чуқур идрок қилган инсон уни беҳуда сарфламайди, аксинча, яхшиликка, бунёдкорликка сафарбар этади. Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий: “Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин, Сўздурки, берур жонға хабар жонондин” дер экан, биргина каломнинг жисман тирик бўлса-да, маънан ўликка айланган инсонга қайта жон бахш этиш қудратини, унинг жонон, яъни ҳаёт моҳияти, мағзини англаб, мазмунли умр кечиришига туртки бўлишини эътироф этади.

Эзгу сўз киши қалбини нур каби ёритар, ўткинчи дунёнинг оқу қорасини тафаккур қилишга ундар экан, уни турли ёвузликлардан, адолатсизликлардан, ноинсоний хатти-ҳаракатлардан асрайди. Ўзгаларни камситиш, ҳақ-ҳуқуқларини топташ, бузғунчилигу вайронкорликлардан қайтаради. Шу боис сўздан шарифроқ, муқаддасроқ, кучлироқ тушунча йўқ, деб билади ҳазрат Навоий:

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

Зоҳиран гўзаллашган, сийратан янгиланган Ўзбекистонда бугун оммавий ахборот воситалари вакиллари сўзнинг беқиёс қудратидан, ўз билим ва маҳорати, қобилиятидан эмин-эркин фойдаланиш имкониятига эга. Медиа соҳаси вакилларининг ҳуқуқлари Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 81-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Шу билан бирга, бундай эркинлик журналистларнинг “ўзига хон — кўланкаси майдон” бўлишини англатмайди. Ёлғон ахборот тарқатгани, ўзгалар ҳуқуқларига дахл қилгани учун қонун олдида жавоб беради. Яъни оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.

Демак, миллий контентни ҳар хил олди-қочди ахборотлар, узуқ-юлуқ хабарлар билан тўлдириб бўлмайди. Бировга ғайирлик, душманлик қилиб, унинг шаънига “мағзава тўкиш”, қадр-қимматини камситиш қуролига айлантириш ҳам мумкин эмас. Соҳа тараққиёти учун энг тўғри ва истиқболли йўл — Президентимиз фаолиятининг дастлабки давридаёқ белгилаб берган йўриққа амал қилиш, уни кундалик фаолиятимиз тузугига айлантиришдир. Яъни халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз...

Масъулият ва интилиш

Президент Шавкат Мирзиёев касб байрами муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимларига мурожаат қилар экан, кейинги йилларда юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилмахиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтираётганини таъкидлаган эди.

Чиндан ҳам, бугун оммавий ахборот воситалари ижобий ўзгаришлар жараёнини бошдан кечирмоқда. Мамлакатимиз сар­ҳадларида юз бераётган ҳар бир воқеа-ҳодиса, юртдошларимиз қувончу ташвишлари, уларни қийнаётган муаммоларни газеталаримиз саҳифаларида рўйирост, холисона ёритиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Лекин оммавий ахборот воситалари бундай имкониятлардан нечоғли тўлиқ ва тўғри фойдалана оляпти, деган савол туғилади ва бу бежиз эмас.

Давлат раҳбарининг эътирофича, бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, бугунги кун шароитида оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини чуқур англаш жуда муҳим.

Гап босма оммавий ахборот воситалари ҳақида борадиган бўлса, аввало, шуни айтиш лозимки, ўз тарихида аввалига радио, кейинчалик телевидение тимсолида қудратли рақобатчилар билан тўқнаш келиб, ўзининг ахборот маконидаги муносиб ўрнини сақлаб қола олган газета ва журналлар, бугун интернет деган деярли чекланмаган аудиторияга эга жаҳон ахборот макони билан юзма-юз турибди. Бу эса нашрлардан ишга янгича ёндашувни, ўқувчиларга янгиликларни етказиш билан чекланиб қолмасдан, воқеаларни чуқур таҳлил қилишни, муаммоларни кўтариб чиқиб, уларнинг ечимлари бўйича ҳам таклифлар беришни талаб этмоқда. Фақат шу йўл билан биз бугунги жараёнларнинг бевосита иштирокчиси сифатида ўз мавқеимизни сақлаб қоламиз.

Табиийки, ахборот тарқатиш манбаларининг трансформацияси ундан фойдаланувчиларнинг танловига таъсир кўрсатмай қолмади. Сўровлар натижасига кўра, деярли ҳамма мамлакатларда аксарият респондентлар ўзи учун асосий ахборот манбаи сифатида энг аввал интернет-ресурсларни, кейин эса телевидение, сўнгра газета-журналлар ва радиони кўрсатишади.

Аммо бу босма нашрларга бўлган қизиқиш умумжаҳон миқёсида тушиб кетди, дегани эмас. Айниқса, Осиё қитъасида даврий нашрларга талаб катта. Дунёдаги 100 номдаги энг кўп сотиладиган кундалик газеталарнинг 74 номдагиси Осиёда босилиб чиқади. Шундан 62 таси — Хитой, Япония ва Ҳиндистонда. Бунинг устига, минтақада уларнинг адади ҳам ўсиб бормоқда. Кўпгина ҳолатларда бундай ўсиш газеталарни бепул тарқатиш ҳисобидан ҳам таъминланади. Шунга қарамай анъана давом этаётир. Аҳоли сони энг кўп бўлган ушбу қитъада газеталарнинг умумий адади 300 миллион нусхани ташкил этиши ҳам шундан далолат.

Техника тараққиёти ҳаётимизнинг барча соҳасида намоён бўлганидек, ОАВдаги трансформация ҳам ўз натижаларини бермоқда. Гап фақат унинг давлат ва жамият учун нечоғли аҳамиятли эканида!

Хўш, давлат раҳбари журналистика ҳақида гапира туриб, нега унинг бугунги кундаги аҳамиятини мудофаа ва хавфсизликни таъминлаш билан қиёслади, ахир ахборот тарқатиш ўз ҳолича ҳеч қандай хавф туғдирмайди-ку. Демак, гап айнан ахборотнинг ўзида, унинг мазмунида. Гап — инсон ахборотдан, ўқиган, эшитган ёки кўрган маълумотидан қандай хулоса чиқаришида экан.

Кучни тўғри йўналтириш

Барчамизга яхши аёнки, физикада кучни тўғри йўналтириш нариги жисмга таъсир этишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Эътибор берилса, маънавий-маърифий жабҳада ҳам худди шундай. Соғлом тафаккур ҳосиласи бўлган ғояни бунёдкорлик сари сафарбар этиш беқиёс эзгуликларга, тараққиётга пойдевор бўлади.

Бугунги кунда “Ҳар қайси жамият ҳаётида мафкура муҳимдир”, деган қараш бироз эскиргандек. Шундай бўлса-да, кўпгина мамлакатларда давлат айни шу — одамларга таъсир кўрсатувчи воситалар иштирокисиз ўз олдига қўйган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий тараққиётнинг энг муҳим вазифаларини ҳал қилиши имконсиз эканини, очиқ бўлмаса-да, тан олишади.

Кимдир буни хоҳлайдими ё йўқми, бутун дунёда алоҳида мамлакатлар, альянслар, блоклар, синфлар, сиёсий партиялар, ижтимоий гуруҳлар ўртасида ғоявий кураш ҳар доим бўлган ва давом этмоқда. Муайян мамлакат ва бутун дунёнинг келажаги қандай бўлиши ҳам ана шу курашнинг натижасига боғлиқ.

Айрим экспертлар фикрича, давлат мафкураси ҳокимият тепасида турган муайян ижтимоий гуруҳнинг мафкураси бўлиб, ўша гуруҳ томонидан асосий мафкура сифатида эълон қилинган бўлади. Лекин ҳар қандай мафкура давлат мафкурасига айланар экан, у ҳукмрон мафкура бўлиб, бошқа ҳеч қайси мафкурани тан олмайдиган бўлади. Шунгача бориб етадики, у билан келиша олмаганларни тақиқлаш, қатағон қилиш, шунингдек, диктатура ўрнатишгача олиб боради ва бу тарихдан маълум.

Собиқ тузум даврида жамиятни мафкуралаштириш ҳаёт тартибларини сохталаштиришга, кўзбўямачиликларга, зулм ва ёвузликка, алалоқибат қўрқув ва ёлғонга асосланган мустабид салтанатни қуришга замин бўлганди. Бу салтанатда эркин фикр бўғилди, ўзгача қараш ва тутумлар таъқибга олинди. Натижада одамларнинг қалбини ҳадик ва хавотир эгаллаб олди. Уларда воқеликка танқидий ёндашув, ижодий муносабат йўқолди. Пировардида, орзулар армонга айланди. Юксалиш ва тараққиёт қуруқ сафсата бўлиб қолди. Инсонлар тафаккури ва жамиятдаги депсинишлар давлатнинг таназзулига сабаб бўлди.

Шукрки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ҳукмрон мафкура мавжуд эмаслиги қонунан мустаҳкамланди. Бу эса жамиятда қарашлар хилмахиллигини таъминламоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 12-моддасида белгиланишича, “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”. Шу боис “мафкура” тушунчаси бутун бир давлатнинг эмас, балки у ёки бу ижтимоий гуруҳнинг тизимли, тартибга солинган қарашлари сифатида талқин этилади.

Қайси бир мафкуранинг кўпроқ оммалашишида эса оммавий ахборот воситалари асосий ўрин тутади. Улар фақатгина атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш манбаи эмас. ОАВ одамларга таъсир кўрсатиш бўйича кенг имкониятларга эга, уларнинг ахлоқига, юриш-туришига таъсир қилади, қадриятларини шакллантира олади.

Тарихда оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилаётган хабарлар, илгари сурилаётган ғояларга эътиборсизлик оғир оқибатларга олиб келган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, 1994 йили Руандада юз берган геноцидга битта радиостанциядан тарқатилган тажовузкор чақириқлар сабаб бўлган. Мазкур радио аввалига кўнгилочар канал сифатида ташкил этилган бўлиб, кейин тезда тарғибот қуролига айланган. Бир мамлакатда яшовчи икки элат ўртасида нафрат оловини ёқиш охир-оқибат 800 минг нафар инсоннинг ўлимига олиб келган.

Яқин ўтмишдан олинган бу мисол оммавий ахборот воситаларининг кучига тўғри баҳо бериш ва бу кучни бунёдкорлик мақсадларига йўналтириш жуда муҳим эканини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб.

Касбга садоқат ва бурч тақозоси

Оммавий ахборот воситасининг яна бир устувор вазифаси — давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муаммолар бўйича бериб борилаётган танқидий-таҳлилий материаллар жойларда мудраб ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан уйғотиб, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга мажбур қилмоқда.

Тўғри, оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги, журналистларнинг ўз касбига, бурчига содиқлиги, ватанпарварлиги баъзиларга ҳар доим ҳам ёқавермайди. Шу боис баъзан журналистга турли иғволар, ноҳақ иддаолар қилинади, у сохта айблов билан таъқибга олинади. Аммо бугун ҳақиқатгўй журналист ортида қонун, халқ ва уларни ўзининг энг яқин ҳамкорлари ҳамда ёрдамчилари деб ҳисоблайдиган Президент турибди.

Давлатимиз раҳбари бир сафар Қашқадарёга ташрифи чоғида “Кўпчилик менга оммавий ахборот воситаларини “ёпишни” таклиф қилмоқда, лекин мен буни ҳеч қачон қилмайман”, деб журналистларнинг эркин фаолият юритиши ва ҳаққоний сўз айтишига қарши бўлган, уларга тўсқинлик қилаётган кимсаларга, кучларга ўз фикрини, позициясини аниқ ва лўнда билдирганди.

Айни чоғда ушбу воқелик нафақат журналистларни илҳомлантириши, балки амалдорларнинг таҳлилий-танқидий чиқишларга муносабатини ҳам ўзгартириши лозим. Катта салоҳиятга эга раҳбар танқид учун журналистдан хафа бўлмайди. Аксинча, эътиборидан четда қолган муаммони ёритиб бергани учун миннатдор бўлади, камчиликларини тузатиб олади. Афсуски, ҳамма раҳбарларни ҳам шундай дея олмаймиз.

Муаммони қаламга олган журналист жамиятга ва давлатга душман эмас. Муайян соҳадаги камчиликни очиб бериш, раҳбарларнинг эътиборини қаратиш билан уларни бартараф этишга ҳаракат қилиш ОАВ вакилининг касби тақозосидир.

Оммавий ахборот воситасининг вазифалари ҳақида сўз кетар экан, адолатли танқидни чоп этиб, долзарб муаммоларни кўтарганда, улар қандай бартараф этилаётганини ҳам ёритишни эсдан чиқармаслик лозим. Мамлакатимизда, айниқса, кейинги йилларда иқтисодиёт ривожланиши, долзарб ижтимоий масалалар ҳал этилиши, одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, турмуш фаровонлиги ортиши йўлида кўп-кўп ишлар қилинаётгани шундай дейишимизга асос бўлади.

Мана шундай ўзгаришларни ўқувчилар оммасига етказиш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, пировард мақсадлари ҳақида маълумотлар бериш, хоҳ корхонада бўлсин, хоҳ томорқада бўлсин, сидқидилдан меҳнат қилиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ҳақида ҳикоя қилиш — булар ҳам журналистиканинг ажралмас қисми. Бундай материаллар одамларда келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлайди, янгидан-янги марраларга илҳомлантиради. Оммавий ахборот воситаларининг қудратли кучини бунёдкорлик мақсадларига йўналтиришнинг асл моҳияти ҳам шундан иборат.

...Президентимиз иштирокида кетма-кет уч кун бўлиб ўтган мажлисларда қатнашиб, уларда Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида билдирилган таклиф ва ташаббуслар, ғоялар менда ана шундай фикр-мулоҳазаларни, мушоҳадаларни уйғотди. Энг муҳими, мамлакатимиз истиқболи, навқирон авлоднинг келажаги учун куюнчаклик, масъулият бугун ҳар биримизнинг ҳаётимиз қоидасига, тузугига айланиши лозимлигини яна бир бор чуқур англадик.

Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, юртимиз тараққиётидаги бутунлай янги даврга қадам қўймоқдамиз. Ҳеч шубҳасиз, бу даврнинг қандай бўлиши биргаликда ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ва вазифаларни самарали амалга оширишимизга боғлиқ.

Ишончимиз комил, бу — Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади. Бу давр парламент ва Ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади.

Келажак авлодлар, албатта, фахр билан тилга оладиган ана шундай буюк тарих ва келажакни яратиш бизнинг ўз қўлимизда.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер