«Дарбанд» постидаги тарози Сурхондарё вилоят ҳокимининг қариндошига тегишли экани рад этилди
Иллюстратив фото
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида, М–39 халқаро автомобиль йўлининг 1326-километрида жойлашган «Дарбанд» мунтазам йўл-патруль постидаги юк автомобиллари оғирлигини ўлчаш учун ўрнатилган тарози Сурхондарё вилояти ҳокимининг қариндошига тегишли экани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, «Дарбанд» постида ўрнатилган «Tenso M VA–20P» русумли юк тарозиси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги [ПҚ–330-сон] қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарорига мувофиқ, Бойсун тумани Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасининг техник ускунаси ҳисобланади.
«Яъни, мазкур тарози хусусий шахсга эмас, балки давлат корхонасига тегишли бўлиб, у вилоят ҳокимининг қариндошига алоқадор экани ҳақидаги маълумотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди», дейилади ҳокимлик хабарида.
Қўшимча қилинишича, «Дарбанд» постидаги юк оғирлигини ўлчаш тизими — йўл инфратузилмасини сақлаш, автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ортиқча юк ташиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида юқоридаги меъёрий ҳужжатлар асосида ўрнатилган.
Ҳозирда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда Автомобиль йўллари бош бошқармаси «Дарбанд» постидаги назорат жараёнларини 24/7 режимида кузатув ва таҳлил остига олган.
Олиб борилган текширувлар натижасига кўра, айрим оғир юк машиналари оғирлик назоратидан қочиш мақсадида пост яқинида сунъий тирбандлик ҳосил қилган. Яъни, икки йўналиш бўйича 30–40 тадан ортиқ юк автомобили йўл четида тўхтаб турган ҳолда ҳаракатни тўсиб қўйган. Уларга белгиланган тартибда назоратдан ўтиш ва ҳаракатни давом эттириш таклиф этилган бўлсада, айрим ҳайдовчилар буни рад этиб, тирбандликни сунъий равишда кучайтиришда давом этмоқда.
Ҳокимлик хабарида таъкидланишича, меъёрдаги юк билан ҳаракатланаётган транспорт воситалари белгиланган тартибда вазн назоратидан тўсиқсиз ўтмоқда. Уларнинг ҳаракатида ҳеч қандай муаммо кузатилмаяпти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- «Ўзбекистон –2030» стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади
- Ўзбекистонга нечта давлатдан туристлар келаётгани очиқланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг