Дания почта хизмати 400 йилдан сўнг хат етказишни тўхтатмоқда
Фото: EPА
Данияда почта хизмати 400 йилдан ортиқ давом этган анъанани якунлаб, 30 декабрь куни сўнгги хатни етказиб беради. Бу ҳақда мамлакатнинг асосий почта оператори — “PostNord” маълум қилди. Компания жамиятда рақамлашув кескин кучайгани сабаб хатларга бўлган талаб деярли йўқолганини таъкидлади.
Қарорга мувофиқ, “PostNord” (2009 йилда Швеция ва Дания почта хизматлари қўшилиши натижасида ташкил этилган) Данияда 1 500 иш ўрнини қисқартиради ва 1 500 та қизил почта қутисини олиб ташлайди. Компания хабарида келтирилишича, сўнгги 25 йил ичида мамлакатда хат жўнатиш ҳажми 90 фоиздан ортиққа камайган, шу билан бирга интернет орқали харидлар кескин ошган. Шу боис, “PostNord” эндиликда асосий эътиборни посилкалар етказиб беришга қаратади.
Олиб ташланган почта қутилари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди, хусусан, яқинда сотувга чиқарилган 1 000 та почта қутиси бор-йўғи уч соат ичида сотилиб кетган. Яхши ҳолатдаги қутилар 2 000 крона, бироз эскилари эса 1 500 крона (100 ДКК = 15-16 АҚШ доллари тҳр.)дан баҳоланган. Яна 200 та почта қутиси январ ойида аукционга қўйилиши айтилмоқда. “PostNord”, шунингдек, Данияда фойдаланилмаган маркалар учун чекланган муддатда пул қайтарилишини ҳам маълум қилган.
Экспертлар бу ўзгаришни рамзий аҳамиятга эга деб баҳоламоқда. Копенгагендаги почта ва коммуникациялар музейи директори Магнус Рестофте таъкидлашича, Дания дунёдаги энг рақамлашган давлатлардан бири бўлиб, аҳолининг 97 фоизи миллий рақамли идентификация тизими — MitID'дан фойдаланади. Расмий идоралар билан ёзишмаларнинг деярли барчаси электрон шаклда амалга оширилади, жисмоний хат қабул қилишни танлаганлар эса атиги 5 фоизни ташкил этади.
Шу билан бирга, тадқиқотлар ёшлар орасида қўлёзма хатларига қизиқиш қайта ортаётганини кўрсатмоқда. 18-34 ёшдагилар бошқа ёш тоифаларига нисбатан 2-3 баробар кўпроқ хат ёзиши аниқланган. Мутахассислар буни рақамли ахборотдан чарчаган ёшларнинг онгли танлови сифатида баҳоламоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Данияда хат жўнатиш имконияти бутунлай йўқолмайди. Бу вазифани “Dao” компанияси ўз зиммасига олади. Компания 2025 йилда тахминан 30 миллионта хат етказган бўлса, 2026 йилдан бу кўрсаткични 80 миллионтага етказишни режалаштирмоқда. Бироқ фуқаролар хат юбориш учун махсус нуқталарга бориши ёки уйдан олиб кетиш хизмати учун қўшимча ҳақ тўлашига тўғри келади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг