Данғара туманида Хитойга 70 минг тоннадан ортиқ мош экспорт қилинади

Бу йил Данғара туманида такрорий экин сифатида 7,5 минг гектар ерда мош парваришланди. У сувсизликка чидамли бўлиб, кам меҳнат талаб қилади. Қолаверса, 75-80 кунда пишиб етилиши боис сентябрь ойида ҳосилни йиғиб олгач, ўз вақтида кузги буғдой экиш ёки ерни баҳорга тайёрлаб қўйиш мумкин.
Қишлоқ хўжалигида сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш долзарб масалага айланган ҳозирги шароитда бу каби истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Чунки бугун илмга, инновация ғояларига асосланган деҳқончилик ҳар жиҳатдан фойдалидир.
Айни кунларда экспортёр тадбиркорлар билан ўзаро келишув асосида мош етиштирилган тумандаги 181 та фермер хўжалигида ҳосилни ўриб-янчиб олиш ишлари жадал давом этяпти.
— Замонавий агротехнологиялар ёрдамида беш йилдан буён мош экамиз, — дейди фермер Муҳаммаджон Рафиқжонов. — Ҳозирда беш гектар ердаги мош йиғиштириб олиняпти. Бир гектар ердан 2,2 тоннадан кўпроқ ҳосил олса бўлади. Бугунги нарх-навога кўра, бу ҳар гектар ердан ўртача 22-23 миллион сўм соф даромад олиш имконини беради.
Энг муҳими, мош экини ернинг унумдорлигини оширади. Тупроқда табиий шароитда фойдали минерал ўғитлар захирасини яратади.
Тадбиркор Рамзбек Эгамназаров хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда далалардан йиғиб келинаётган ҳосилни пешма-пеш қадоқланган ҳолда экспортга жўнатмоқда. Йиғиш, саралаш ва қадоқлаш жараёнида 20 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган.
Бу борада Хитойдан келган мутахассислар хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнда яқиндан кўмаклашиб, жаҳон андозалари асосида иш ташкил этиш бўйича йўл-йўриқ кўрсатмоқда.
— Ўтган йили Данғара туманидан Хитойга 36 минг тонна мош экспорт қилинишига эришилган эди, —дейди тадбиркор. — Бу йил ушбу кўрсаткични 70 минг тоннадан ошириш мақсад қилинган. Боиси чин юртида ушбу маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф йилдан-йилга ошиб бормоқда. Демак, янгича ёндашувлар ва доимий изланиш яқин келажакда нафақат маҳсулот ҳажми, балки экспорт географиясини ҳам кенгайтиришга хизмат қилади.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг