Бутун дунёдан қарздор АҚШ. Уни қандай тўлайди?

18:33 21 Май 2025 Дунё
174 0

Якшанба куни АҚШ Конгрессининг асосий қўмиталаридан бири президент Дональд Трампнинг янги солиқ имтиёзлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ушбу қонун шу ҳафтанинг ўзидаёқ Вакиллар палатаси томонидан қабул қилиниши мумкин.

Қонун Трампнинг 2017 йилдаги солиқ имтиёзларини узайтиради, натижада давлат қарзига яна 5 триллион доллар қўшиши мумкин. Бу Moodyʼs агентлиги томонидан АҚШ кредит рейтинги пасайтирилганидан кейин хавотирларни кучайтирди. Агентлик қарорнинг сабабларидан бири сифатида мамлакатнинг 36 триллион долларлик қарзини кўрсатган. Бугунга келиб АҚШ дунёдаги энг катта қарздор давлатга айланган. Бу мамлакатнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлиги ҳақида жиддий хавотирларни келтириб чиқармоқда.

АҚШнинг қанча қарзи бор?

Давлат қарзи — бу АҚШ ҳукумати қарз берувчиларга бериши керак бўлган жами маблағ. Айни пайтда бу рақам 36,2 триллион долларни ташкил этади. Бу рақам мамлакатнинг йиллик ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг 122 фоизига тенг ва ҳар уч ойда тахминан 1 триллион долларга ошмоқда.

Қарзнинг энг юқори ЯИМ нисбати 2020 йил пандемия даврида кузатилган бўлиб, ўша вақтда бу кўрсаткич 133 фоизга чиққан. АҚШ энг юқори қарз — ялпи ички маҳсулот нисбати бўйича дунёдаги етакчи 10 давлат қаторида.

Қарз чегараси борми? Бўлса нега у доимий равишда ошиб бормоқда?

Ҳукумат йиғганидан кўра кўпроқ пул сарфласа, дефицит ҳосил қилади. Ушбу камомадни қоплаш учун ҳукумат кўпроқ қарз олади. Қарз олиш қонунчилик томонидан тасдиқланишини таъминлаш учун АҚШ Конгресси ҳукумат ижтимоий хавфсизлик, соғлиқни сақлаш ва мудофаа каби мавжуд мажбуриятларни молиялаштириш учун қанча қарз олиши мумкинлигига чеклов қўяди. Ушбу чегара қарз шифти деб номланади.

Шифтга эришилгандан сўнг, Конгресс лимитни оширмаса ёки тўхтатмаса, ҳукумат кўпроқ қарз ололмайди. 1960 йилдан бери Конгресс 78 марта қарз шифтини кўтарди, тўхтатди ёки ўзгартирди, бу эса АҚШга кўпроқ қарз олиш имконини берди.

Турли президентлар даврида камомадлар қандай ўзгарган?

Федерал дефицит — бу ҳукумат бир йил давомида топганидан кўп пул сарфлаганини англатади. Федерал профицит эса АҚШ сарфлаганидан кўра кўпроқ пул олиб келишини англатади.

Дефицит Трампнинг биринчи муддатида, айниқса 2020 йилда CОВИД-19 пандемияси даврида, ҳукумат катта маблағ сарфлаганида, солиқ тушумлари иш жойларини йўқотиш туфайли камайганида кескин ўсди. Ўша йили дефицит ялпи ички маҳсулотнинг деярли 15 фоизини ташкил этди.

Собиқ президент Билль Клинтон даврида федерал профицит мавжуд эди. Бунга иқтисодий шароитлар, шунингдек, кўпроқ даромад келтирган солиқларнинг ошиши натижасида эришилган.

АҚШ қарз олмоқчи бўлса, молиявий воситаларни ишга солади. Улар қўйидагилардир:

  • Хазина вексели (T-bills) — қисқа муддатли, 1 йил ичида тўланади;
  • Хазина нотаси (T-notes) — ўрта муддатли, 2–10 йил ичида тўланади;
  • Хазина облигацияси (T-bonds) — узоқ муддатли, 20–30 йил ичида тўланади.

Бу воситалар инвесторлар томонидан АҚШга берилган қарз бўлиб, фоизлари билан қайтарилади. Улар хавфсиз инвестиция ҳисобланади.

АҚШ қарзини ким ушлаб турибди?

36,2 триллион долларлик қарзнинг тўртдан уч қисми (27,2 триллион доллар) АҚШ ичида жойлашган субъектлар томонидан ушлаб турилади:

  • 15,16 триллион доллар (42 %) — хусусий инвесторлар ва ташкилотлар, пенсия жамғармалари, инвестиция фондлари ва бошқалар
  • 7,36 триллион доллар (20%) — АҚШдаги давлат идоралари ва ички жамғармалар
  • 4,63 триллион доллар (13%) — Федерал захира тизими (АҚШ марказий банки)

Машҳур инвестор Уоррен Баффет ўзининг “Bekshire Hathaway” компанияси орқали 314 миллиард долларлик хазина векселларига эга бўлиб, энг йирик нодавлат инвестор ҳисобланади.

Қолган 9,05 триллион доллар (25%) хорижий инвесторлар қўлида. Сўнгги 50 йилда хорижий инвесторлар улуши 5 баробарга ошган: 1970 йилда бу кўрсаткич 5 фоиз эди, ҳозир эса 25 фоиз.

АҚШнинг кимдан қанча қарзи бор?

Давлатлар валюта захиралари учун хавфсиз ва барқарор инвестиция бўлганлиги учун АҚШга қарз беради, бундан ташқари валюта курсларини бошқаришда ёрдам беради ҳамда ишончли фоиз даромадига эга бўлади.

Айни пайтда АҚШга энг кўп қарз берган давлатлар рейтингини қуйидаги мамлакатлар бошқариб турибди:

  • Япония — 1,13 триллион доллар
  • Буюк Британия — 779,3 миллиард доллар
  • Хитой — 765,4 миллиард доллар
  • Кайман ороллари — 455,3 миллиард доллар
  • Канада — 426,2 миллиард доллар

Трамп ҳокимияти жорий қилган бож тарифларидан сўнг Япония ва Хитой ўзига тегишли АҚШ қарзларини савдо музокараларида босим воситаси сифатида ишлатишини билдирган.

Жорий ой бошида Япония молия вазири Кацунобу Като Японияда мавжуд катта миқдордаги АҚШ ғазначилик облигациялари савдо масалаларида «музокара қуроли» бўлиши мумкинлигини айтди.

Шунингдек, Хитой ҳам бир неча йилдан бери АҚШ облигацияларини босқичма-босқич сотмоқда. Шу йилнинг февраль ойида Хитойнинг АҚШ ғазначилик облигацияларидаги улуши 2009 йилдан бери энг паст даражага тушди. Бу эса Хитойнинг валюта захираларини диверсификация қилишга интилаётганини ва давом этаётган савдо кескинликларини акс эттиради.

Катта қарзи фуқаролар учун нимани англатади?

Давлат қарзи ўсиши билан ҳукумат қарз фоизларини тўлаш учун кўпроқ маблағ сарфлаши табиий жараён. Бу эса бошқа соҳаларга ажратиладиган бюджет маблағларини кескин қисқартиради. Шунингдек, вазиятни юмшатиш учун чоралар кўриш зарурати ҳам пайдо бўлади. Масалан, солиқ ставкалари ошириш.

Табиийки, бу ўртача турмуш тарзига эга фуқароларнинг харажатларини оширади. Қолаверса, давлат қарзи ошгани сари бозорда фоиз ставкалари ҳам кўтарилади. Бу эса ипотека ва бошқа кредитларни ошишига олиб келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер