Бухоронинг қадимий боғ ва саройлари қайта тикланадими?

12:43 11 Апрель 2025 Жамият
329 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда Бухоро амирининг ёзги саройи вазифасини ўтаган Ситораи Моҳи Хоссадан сайёҳлар қадами узилмаяпти. Уларни музейга айлантирилган бу гўшадаги осори атиқалардан ташқари товуслару асрлар оша қад ростлаб турган дарахтлар ҳам ҳайратга солмоқда. Ахир, 265 ёшли тутларни, 130 ёшдан ошган каталпаю чинор, маклюра, дубни ҳар қаерда ҳам учратавермайсиз.

— Мана бу икки туп каталпа 1893 йилда Франциядан олиб келинган, — дейди Ситораи Мохи Хосса музей филиали илмий ходими Наргиза Жумаева. — Кўчати 1861 йилда ўтқазилган эман дарахти ғаройиб хусусиятга эга. Унинг тагида бир неча дақиқа ўтирган киши ўзини кун бўйи тетик ҳис этади. Арчасимонлар оиласига мансуб туя дарахти 1915 йилда экилган бўлиб, тарвақайлаб ўсган ва ўзига айланма майдон ҳосил қилган.

Не-не кечмишларнинг тилсиз гувоҳи саналган бу дарахтлар Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Фитрат, Файзулла Хўжаев, бир муддат Бухорода яшаб ижод қилган Абдулҳамид Чўлпон каби буюк зотларни «кўрган»лиги билан ҳам қадрлидир. Боғ сарой бинолари қурилмасидан олдин барпо қилинган. У темурийлар давридаги Самарқанд боғларини эслатади. Саҳни бир-бирига перпендикуляр йўлкалар билан тўртта тўғри бурчакли майдончага бўлинган. Шунга кўра, у чорбоғ дейилади. Ёзги сарой боғида гулзорлар, ишкомлар, мевали ва манзарали дарахтлар, кўркам хиёбон, ҳовуз ва ҳайвонот боғи барпо қилинган.

Қадимий боғ ва саройлардан бежиз сўз очмадик. Ҳаёт кўрсатаяптики, юртимизда кўҳна боғ-роғларни қайта тиклаш орқали экотуризмни янада ривожлантириш, қолаверса, ёш авлодни аждодларимиз бой меросига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш имконияти кенгаяди.

— Президентимизнинг 2025 йилда ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши муносабати билан қабул қилган 2024 йилнинг 15 мартидаги қарорида Амир Темур боғларини қайта тиклаш вазифаси қўйилгани айни муддао бўлди, — дейди тарих фанлари доктори Комилжон Раҳимов. — Манбалардан маълумки, X–XIX асрларда бу кўҳна заминда кўплаб боғлар, саройлар бунёд этилган. Уларнинг аксарияти XX аср бошигача мавжуд эди. Афсуски, турли номақбул сабаблар билан улар бузиб ташланган. Агар шу боғ ва саройлар қайта тикланса, бу давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатга муносиб жавоб бўларди.

Шу ўринда бир мисол. Муҳаммад Наршахий «Бухоро тарихи» асарида Мансур ибн Нуҳ (961–976 йиллар) давридаги Бухоро боғлари ҳақида қисқа маълумот қолдириб, «Жўйи Мўлиённинг жаннатни эслатувчи гўзал мақомидан кўра яхшироқ бирор жой ва манзил Бухорода йўқ эди», дея таъкидлаган. Гап бундан XI аср муқаддам барпо этилган боғ ва саройлар ҳақида кетаяпти.

— Бухорода амирлардан ташқари вазиру, қозикалон, раис ва саркардаларнинг ҳам ўз боғлари бўлган, — давом этади манбашунос К. Раҳимов. — Шаҳар ташқарисидаги Чорбоғи Гул, Боғи Шамол, Чорбоғхоса, Акромбек боғи, Раҳмонқул лашкарбоши боғи, Абдусаттор лашкарбоши боғи, Қозикалон Бадриддин боғи, Қозикалон Бурҳониддин боғи, Баротбек боғи, Латифхожа савдогар боғи шулар жумласидан. Муҳими, Бухородаги айрим қадимий боғ ва саройларнинг суратлари, жойлашган ўрнига доир ҳужжатлар сақланиб қолган. Бу уларни қайта тиклашда қўл келади. Улар асл ҳолида қайта қад ростласа келажак авлод олдидаги бурчимизни адо этган бўлардик. Қолаверса, бу сайёҳлар оқимининг кўпайишига ҳам хизмат қилади.

Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳадаги фойдаланилмаётган имкониятлар ҳақида сўз борди. Масъуллар зиммасига бир қатор вазифалар юкланди. Шулардан келиб чиқиб, вилоят мутасаддилари қадимий боғ ва саройларни қайта тиклаш масаласини ҳам ўйлаб кўришади, деган умиддамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?