Бухорода сумалак сайли шукуҳи

14:53 17 Март 2025 Жамият
120 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Наврўзи оламни баҳорнинг тансиқ таомларисиз, айниқса, сумалак сайлисиз тасаввур этмоқ мушкул. Бу тадбир нафақат қут-барака, тўкин-сочинлик, балки дийдорлашув, меҳр-оқибат, шукроналик тимсолига айланган. «Миллий тикланиш» демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» ғояси остида ташкил этилган сумалак сайли шу эзгу ишларнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Бухоро туризм ва маданий мерос техникумида ўтказилган сумалак сайлида партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари, туризм соҳаси вакиллари, талабалар қаторида вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар вакилларини ҳам кўриш мумкин эди.

— Биз Ўзбекистондаги турли миллат ва элат вакиллари билан аҳил, иноқ яшаб келяпмиз, — дейди вилоят корейс маданий маркази раҳбари Радион Ли. — Баҳор байрами Наврўз барчамиз учун бирдай ардоқли. Уни биргаликда нишонламасак кўнглимиз тўлмайди. Бугун кайфиятимиз аъло. Сумалак сайлига атаб ўз концерт дастуримизни тайёрлаб келганмиз.

Шу тариқа давра кенг олинди. Дошқозонларда сумалак пишириш жараёни давом этаркан, партия вилоят кенгаши раиси Ражаббой Ҳасанов, Бухоро давлат педагогика институти ректори Б. Маъмуров, техникум директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Г. Раҳмонова ва бошқалар тўпланганларни Наврўз айёми билан қутлади. Техникум ўқувчилари ҳамда миллий маданий марказлар қошидаги бадиий ҳаваскорлик дасталари ижросидаги куй-қўшиқлар, халқ ўйинлари даврага ўзгача файз бағишлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер