Бухорода Республика болалар кутубхонасининг pop-ap ўқув хонаси фаолият кўрсатмоқда

11:36 29 Октябр 2025 Жамият
173 0

Кўҳна Бухорода Республика болалар кутубхонасининг pop-ap ўқув зали ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Санъат биенналеси тадбирлари доирасидаги бу лойиҳа яқин-яқингача эшигига қулф осиғлик турган, таъмирталаб аҳволда ётган собиқ Поччоқули Хўжа масжидида амалга оширилди.

XIX aсрда бунёд этилган тарихий обидада даставвал уста-меъморлар томонидан таъмирлаш юмушлари бажарилди. Натижада яна бир меъморий ёдгорликка иккинчи умр бағишланди. Ўқув залига келсак, ундаги жавонлардан икки мингтадан зиёд ўзбек, инглиз, рус тилларидаги адабиётлар ўрин олган. Улар орасида миллий санъатимизга оид альбомлар, қомусий китоблар, шунингдек, болаларбоп асарларни кўриш мумкин. Шинам ва ёруғ залда оилавий тарзда китоб мутолааси билан шуғулланиш ёки компьютерда ишлаш учун зарур қулайликлар яратилган. Соҳа мутахассиси тили билан айтганда, бу зиё масканида мутолаа қувончли лаҳзаларга, олинган билим эса бўлғуси кашфиётларга етаклайди.

Маҳаллий фуқаролар учун ҳам, хорижий меҳмонлар учун ҳам эшиги очиқ зиё масканида дам олиш кунларида маҳорат сабоқлари, мароқли учрашувлар ташкил этиляпти. Аҳоли гавжум гўшада, қолаверса, ён-атрофдаги учта умумтаълим мактаби яқинида жойлашгани китобхонларга ҳам маъқул тушмоқда. Ушбу зиё маскани 20 ноябргача фаолият юритади.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?