Бухоро хаттотлик мактабининг давомчиси ҳақида эшитганмисиз?
Фото: «Халқ сўзи»
- Қўлимизда бобомдан қолган бир қадимий қўлёзма китоб бор,- деб қолди Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Фозил ота Идиев. -Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си. Эсимда, ўшанда анча ёш эдим. Шўро тузуми ҳукм сурган йиллар эмасми, одамлар қадимий китобларни минг бир ҳадик билан асрашарди. Ёт каслар назари тушиб, “Фалончи уйида эски китобни яшириб қўйибди”, деса ҳулу қуруқ ёнадиган дамлар эди-да.
Бобомдан мерос шу китоб таъмирталаб ҳолга келиб қолди. Сўраб – суриштириб, Қори Нарзулло ҳақида эшитиб қолдим. Унга ҳам хаттот, ҳам саҳҳоф деб таъриф беришди. Қори аканинг ҳузурига бордим. Жуда хушмуомала, суҳбати ширин инсон экан. Қадимий китобларни асл ҳолига келтириш ҳадисини олганини айтмайсизми? Шу инсон меҳнати ортидан қадимий китоб асл қиёфасига қайтди. Бобомерос бу китоб ҳозир сулоламиз учун энг табаррук, бебаҳо хазина саналади.
Сирасини айтганда, хаттотлик ва саҳҳофликнинг тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Бу ўринда биз Бухоро хаттотлик мактаби асосчиларидан бири, «Котиби Султоний» номи билан машҳур бўлган Мирали Ҳиравий номини эсга олмоқчимиз.
Моҳир хаттот Бухорода Убайдуллохоннинг ўғли Абдулазизга турли фанлар, жумладан хаттотликдан сабоқ берган. У Убайдуллохон ҳукмронлиги замонида (1533–1540) шайбонийлар саройи котиби бўлган. Кейин эса Абдулазизхоннинг кутубхонасида ишлаган. Бухоролик таниқли хаттот, диний билимлар соҳиби Ғафуржон домла Раззоқовнинг билдиришича, Мирали Ҳиравий Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Ансорий каби кўплаб машҳур шоирлар ва ёзувчиларнинг асарларини юқори сифатда кўчириб, қайтадан китобат қилган. шу орқали уларни келажак авлодга етказиш ишига катта ҳисса қўшган.
У настаълиқ хати кенг муомалага киритилмаган Мовароуннаҳрда ушбу хат турининг тарқалишига фидойилик кўрсатади. Бу улуғ зот тайёрлаган кўплаб шогирдлар орасида Мирҳусайн Кўланкий Бухорий, Мирҳайдар Ҳусайний Бухорий, Мирчалма Бухорий каби хаттотларнинг номлари учрайди.
Бу ҳақда бежиз тўхталганимиз йўқ. Юртимизда шўро тузуми ўрнатилгач, миллий қадриятларимизнинг бир қисмига путур етди. Хаттотлик, саҳҳофлик каби нодир ҳунарлар унутилаёзди. Худди шундай паллада Қори Нарзулложон Нуриддинов бу камёб ҳунар сирларини тишининг кавагида асраб, ўнлаб қўлёзма китобларни таъмирлади, улардаги йўқолаёзган муқаддас битикларни ўз ҳуснихати билан қайта тиклади.

- Қори Нарзулложон суҳбати ширин инсон эди,- дея эслайди 75 ёшли Салоҳиддин Латипов. - Жуда оддий, камтарона яшарди. Аммо қадимий қўлёзма китобларни кўрганида кўзлари чақнаб кетарди. Ҳузурига “Шу китобни асл ҳолига келтириб беринг”, деб келишса бошқа юмушни четга йиғиштириб қўярди. Қадимий китобларни таъмирлашдан роҳатланарди. Яратганга шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан миллий ва диний қадриятларимизга муносабат ўзгарди.
Дарҳақиқат, Қори Нарзулложон каби жонкуяр хаттоту саҳҳофлар кўз қорачиғидек асраб – авайлаган қадимий ҳунарлар бугун ёшларнинг суюмли машғулотига айланмоқда. Масалан, Бухоронинг машҳур Пойи Калон мажмуи яқинида шарқона услубда қад ростлаган бинода “Ал-Манар” араб тили ва хаттотлик маркази фаолияти йўлга қўйилди. Таниқли миниатюрачи мусаввир, саҳҳоф Давлат Тошев эса “Устоз- шогирд” болалар амалий санъат марказида ўғил – қизларга шу ҳунар сирларини ўргатмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Қори Нарзуллажон Нуриддинов сингари инсонлар кўз нури, қалб қўрини бериб асраб қолган ҳунарлар ўз давомчиларини топяпти.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг