“Сотка”га михланган болалар
Автобусда кетаётиб, чамаси беш-олти ёшли боланинг онасига қилаётган хархашаси эътиборимизни тортди. Нуқул аясининг сумкасига қўл чўзар, аёл эса уни овутишнинг йўлини билмай хижолатда эди. Ниҳоят, бола ниятига етди. Сумкадаги уяли телефон қўлига теккач, тинчиди – қолди. Шаҳардан туман марказигача бўлган бир соатлик йўл давомида ундан кўзини узмади.
– Ҳозирги болаларнинг тили “сотка” деб аталадиган шу матоҳ билан чиқаяпти, – деди бу ҳолатни кузатиб турган ҳамроҳимиз, ғиждувонлик педагог Шуҳратжон Ғаниев. – Ваҳоланки, эртага мактаб ёшига етгач, бундай боланинг ўй-хаёли китобда эмас, телефонда бўлади. Китоб мутолааси ҳали мияси мўрт болани фикрлашга ўргатади, оқ-қорани танитади. Билимига билим қўшади. Қўл телефони –чи? У бор жойда боланинг диққати чалғийди. Дарсларни чуқур ўзлаштиришига халақит беради. Ижтимоий тармоқларга ипсиз боғланиб қолган, миясини керак – нокерак ахборотлар билан тўлдираётган боланинг маънавияти қандай бўлади? Шунинг ўзи жиддий бир оғриқли масала.
Муаллимнинг хавотирида жон бор. Афсуски, айримлар “Қулоғим тинч бўлсин”, “Хархаша қилмасин”, “Асабимга тегмасин”, деган важлар билан ҳали эндигина тили чиққан боласига ҳам қўл телефонини бериб қўймоқда. Оқибатда айрим жажжи ўғил – қизлар қўлида “сотка”га бўлмаса бир нарсасини йўқотиб қўйган каби ўзини қўярга жой тополмайдиган ҳолатга тушмоқда. Тажанг ва серхархаша, “қилма – қўйма”ни билмайдиган бўлиб ўсаяпти.
У ва бошқа электрон экранларнинг бола соғлигига, дейлик, мия ривожига, руҳий саломатлигига жиддий зиён етказиши ҳам бор гап.
– Сўнгги йилларда ёш болалар орасида телефон, планшет ва бошқа электрон қурилмалардан ҳуда-беҳуда фойдаланиш ҳолатлари кескин ортиб бормоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали офтальмологи Шерзод Чўлиев. – Бу ҳолат кўзга салбий таъсир кўрсатиб, бир қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўляпти. Астенопия яъни кўз чарчаши, кўриш ўткирлигининг пасайиши, миопия яъни яқинни яхши кўриш, қуруқ кўз синдроми, бош оғриғи, диққатнинг сусайиши шулар жумласидан. Экранга узоқ муддат тикилиб туриш бола кўзида кўриш нуқсонини юзага келтиради.
Шу боисдан уларнинг экран олдида ўтириш вақтини чеклаш, ҳар 20 – 30 дақиқада кўзни дам олдириш, масофани тўғри сақлаш, ёруғлик даражасига риоя этиш ҳамда болаларни очиқ ҳавода кўпроқ ҳаракат қилишга ундаш керак. Профилактика мақсадида офтальмолог кўригидан мунтазам ўтиб туриш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Айрим психологлар эса ижтимоий тармоқларнинг ёш бола онгу шуурига тузалмас зиён етказиши эҳтимолини назарга тутиб, уларга “кўринмас офат”, дея баҳо беришмоқда. Айтмоқчи, бу офат оқибатини дунёнинг ривожланган давлатлари аллақачон ўзларида ҳис этишди. Дейлик, шуни ҳисобга олган ҳолда Австралия ҳукумати 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига тақиқ қўйди. Бу давлат тажрибасини кузатиб бораётган Франция, Испания, Малайзия, Индонезия ва ҳатто АҚШнинг бир қатор штатларида ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов қўйиш масаласи кун тартибига чиқди.
Буёғига хулоса ясаш эса ўзингизга ҳавола.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг