Тарихи милоддан аввалги IV асрга бориб тақаладиган қалъада таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Манбаларда айтилишича, кўҳна Бухородаги Арк қалъаси 1,5 минг йил аввал, балки ундан ҳам олдинроқ мамлакат ҳукмдорларининг яшаш манзили вазифасини ўтаган. Қўрғон майдони тўрт гектар атрофида. Археологлар хулосасига кўра, қалъага асос солинган давр милоддан аввалги IV асрга бориб тақалади.
Не-не кечмишларнинг тилсиз гувоҳи бўлган қалъа деворининг шимоли-шарқий қисми қор, ёмғир сабаб емирилиб бораётган эди. Деворнинг чамаси 220 метрли шу йўналишида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
— Қалъа пасхаси емирилиб, афтода ҳолга келиб қолган эди, — дейди мазкур юмушларни бажараётган “Уста Рангрез меъмор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Ёдгоров. — Жамоамиз тарихий ёдгорликларни таъмирлаш борасида бой тажрибага эга. Реставрация ва консервация ишларини ниҳоясига етказаяпмиз. Маданий мерос агентлиги буюртмаси асосида бажарилаётган бу лойиҳа учун 27 миллиард сўмга шартнома тузилган.
Лойиҳага мувофиқ, таъмирловчи усталар ёғочни шахмат усулида ётқизиш орқали пишиқ ғишт териш ишларини бажарди. Бунда аспен ёғочидан фойдаланилди. Нисбатан узун саналган ёғоч девор ўзак қисмигача киритилди. У ичкаридаги намликни ташқарига чиқариш хусусиятига эга. Бошқача айтганда, деворнинг зах тортмай, нафас олишига имкон беради. Айтиш керакки, аспен жуда мустаҳкам ёғоч саналади. Уни ҳатто бетонга қиёслашади. Вақт ўтиши билан янада пишиқ бўлади.
Қалъа деворининг шу қисми тепасида иккита гулдаста ҳам бор. Реставрация ишлари тугагач, у ердан туриб кўҳна шаҳарнинг бетакрор манзарасидан баҳраманд бўлиш мумкин.
Шу ўринда қўрғон ҳақида қисқача тўхталиш фойдадан холи эмас. Буюк аждодимиз Муҳаммад Наршахийнинг ёзишича, “Бухоро ҳисори” деб аталган бу гўша туркий халқлар давлатчилиги асосчиси Алп Эр Тўнга ёки Афросиёб номи билан боғлиқ. Манбаларда уни Сиёвуш барпо этгани ҳақида сўз боради.
Юқорида айтганимиздек, қалъа асрлар давомида кўп савдоларни бошдан кечирди. Айниқса, 1920 йилги бедодлик ҳаммасидан ошиб тушди. Ўшанда Михаил Фрунзе бошчилигидаги шўро қўшинлари Бухорони тўплар ва аэропланлардан ўққа тутишган. Бундан Арк ҳам катта зиён кўрганди. Унинг вайрона қисми 103 йил давомида одамлардан иҳоталанган ҳолда турди. Бир йил муқаддам бу ерда ЮНЕСКО хайрихоҳлиги остида археологик парк барпо этилди. Биз тилга олган шимоли-шарқий девордаги икки гулдаста шу ноёб паркнинг ажралмас бир қисмига айланиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг