Бу йил фарғоналик ёш ижодкорларнинг ютуғи мамлакат ва халқаро миқёсда юксак эътироф этилди

16:44 18 Декабрь 2025 Жамият
256 0

Фарғона вилоятида китобхонлик маданиятини юксалтириш, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини замонавий мезонлар асосида ривожлантиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Бу соҳа ривожига қаратилаётган эътибор натижасида кейинги йилларда вилоятда китоб дўконлари сони уч баробарга ортиб, ушбу маърифат масканларининг савдо ҳажми ҳам сезиларли даражада ошишига эришилди.

—Ўтиб бораётган жорий йил мобайнида ҳам мумтоз адабиётимиз вакиллари, ёзувчи-шоирлар ижодий меросини янада кенгроқ тарғиб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди,—дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Дилшода Эргашева.—Айни жараёнда фарғоналик ёш ижодкорларнинг ютуғи мамлакат ва халқаро миқёсида юксак эътироф этилгани беҳад қувонарлидир.

Хусусан, истеъдодли ёзувчи Қобилжон Шерматовнинг “Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат” китоби Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди. Бу Марказий Осиё адабиёти тарихидаги илк юксак натижа ҳисобланади. Шунингдек, ёш ижодкорнинг Амир Темурнинг болалиги ҳақида ёзилган китоби Президентимизнинг олқишига сазовор бўлди.

Жиззах вилоятида ўтган “Зомин“ анжуманида эса фарғоналик икки нафар ёш ижодкор қизлар “Йил истеъдодлари” дея эътироф этилиб, уларнинг китоблари 5 минг нусхада чоп этилди. Қўқон шаҳрида мумтоз адабиётимизнинг ёрқин намояндаси Фурқатнинг ҳайкали очилиб, улуғ шоирнинг хоки Хитойдан олиб келинди ва ўз ватани — Қўқон тупроғига қўйилди.

Ўз навбатида жорий йил давомида вилоятда 50 дан ортиқ бадиий асарлар чоп этилди. Бу борада 1800 йилдан бугунгача бўлган адабий жараённи қамраб олган “Фарғона адиблари” ва “Фарғона адабиёти” тазкиралари нашрдан чиққанини 2025 йилнинг яна бир салмоқли ютуғи сифатида эътироф этиш мумкин.

Фарғоналик ижодкорларнинг йил сарҳисобига бағишланган йиғилишида ана шу каби натижалар алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтилди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга адабиётга кўрсатаётган эътибори учун “Адабиёт ҳомийси” эсдалик нишони топширилди.

Айтиш жоиз, ҳозирги кунда вилоятда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 65 нафар аъзоси самарали ижод қилиб келмоқда. Эътиборлиси, сўнгги уч йил ичида 12 нафар фарғоналик ижодкор давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер