Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Ватани бор бўлсин!
Фото: Архив сурат
Ўзбекнинг ўзи куйлаган тоғлардай дўлвор ва дарёдил, булоқлардай беғубор шоири Азим Суюн агар ҳаёт бўлганида 75 ёшга кирган бўларди.
Бироқ шоирнинг ўзига хос шеърлари ҳамиша кўнгилларда жаранглаб тураверади, ҳамиша барҳаётдир.
Оқ ва қора
Оқ булоқни изладим,
Қора булоқ дуч келди.
Қора булоқ сувидан ичдим, ёронлар,
Оқ булоққа етгунча.
Оқ дарёни изладим,
Қора дарё дуч келди.
Қора дарё бағрида чўмилдим, дўстлар,
Оқ дарёга ўтгунча.
Оқ тоғларни изладим,
Қора тоғлар дуч келди.
Қора тоғлар қучоғини кездим, ёронлар,
Оқ тоғларга кетгунча.
Оқ ва қора дунёни
Чаппор уриб айлангум,
Оқ шомлар тугаб, дўстлар,
Қора шомлар қучгунча...
* * *
Андиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмағай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмағай.
Қайси юртда чинакам ботир эрса йигитлар,
Ўша юртнинг эллари ёвларга қул бўлмағай.
От минмаган от минса, чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса, пайҳон қилар, сўлдирар.
Ҳушёр бўлгил, жон элим, элдай сақла элингни,
Ёвларингга қўл берсанг паймонангни тўлдирар.
Бош кесилса, ёронлар, сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.
Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билмаганнинг бахти асло бутунмас!
Арғумоқларга мининг, ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Ватани бор бўлсин!
Баҳодирнинг қиличи
Баҳодирнинг қиличи синди…
Сўнгги нуқта.
Тугади эртак.
Пастак ҳовли четида дилхун
Бир бола йиғлайди —
қўлида китоб.
Баҳодирнинг қиличи синди,
Баҳодирнинг қиличи синди.
Ёвники бутун!
Қайга кетди япроқдек бола,
Бўта каби қайда бўзлайди?
Учиб юрган варақлар, ана,
Шамолларга эртак сўзлайди.
Бола қани?.. Билмайман, аммо,
Ишонаман, қайлардадир у
Баҳодирга қилич излайди.
Азим СУЮН
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг