«Бу ақл бовар қилмайдиган даражада қўрқинчли эди» — Камчаткада юз берган кучли зилзила ҳақида нималар маълум

14:17 30 Июль 2025 Дунё
219 0

Шу йилнинг 30 июль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:30 да Камчатка яқинида 1952 йилдан бери энг кучли зилзила содир бўлди. Унинг магнитудаси 8,8 ни ташкил этди. Зилзила эпицентри Тинч океанида, Петропавловск-Камчатскийдан 161 км шарқда, 32 км чуқурликда жойлашган.

Петропавловск-Камчатский губернатори Владимир Солодовнинг баъкидлашича, бу бутун инструментал даврдаги энг кучли зилзила бўлган.

Россия Фанлар академиясининг Ягона геофизика хизматининг маҳаллий бўлимининг таъкидлашича, асосий зилзиладан кейин 2-5 балл интенсивликдаги яна 30 та силкинишлар содир бўлган.

Расмийлар зудлик билан цунами хавфи ҳақида эълон қилди ва хизматлар ва бўлимлар ишини мувофиқлаштириш учун минтақавий штаб тузди. Бундан ташқари, давлат ҳудудий муассасаларида иш куни қисқартирилди.

Ер силкинишлари Сахалин вилоятида ҳам сезилган. Северо-Курилскда маҳаллий аҳоли потенциал хавфли зонадан баландроқ жойга олиб кетилган. Бундан ташқари, баланд тўлқинлар шаҳарнинг қирғоқбўйи қисмига келиб урилган. Зилзиладан кейин Камчатканинг Елизовский туманида, Водопадная об-ҳаво станцияси яқинида 3-4 м баландликдаги цунами ҳам қайд этилган.

«Атрофдаги ҳамма нарса, жумладан, оёғим остидаги асфальт ларзага тушди»

Петропавловск-Камчатскийнинг айрим туманларида ер силкинишлари 7-8 балл кучда сезилди, дея хабар берди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармаси. Бошқарманинг маълум қилишича, биноларга жиддий зарар етмаган, қурбонлар йўқ.

Галина исмли маҳаллий фуқаронинг айтишича, у зилзила вақтида ташқарида бўлган ва дарҳол кўчага югуриб чиққан.

«Бу қўрқинчли, ақл бовар қилмайдиган даражада қўрқинчли эди. Атрофдаги ҳамма нарса, жумладан, оёғим остидаги асфальт ларзага тушди. Ёнимда баъзи одамлар ваҳима ичида қичқиришди, баъзилари ҳатто йиғлаб дуо қилишди. Бу тахминан 15 дақиқа давом этди», — дейди Галина. Унинг қўшимча қилишича, одамлар бир неча соатдан бери уйларига боришга қўрқмоқда. Баъзилар ёзги уйларига кетишган, шунинг учун ҳам шаҳарда тирбандликлар қайд этилди.

Бундан ташқари, зилзила оқибатида Петропавловск-Камчатский шаҳридаги 15-сонли болалар боғчаси биносининг девори қулаган. Губернаторнинг айтишича, ўша пайтда ҳеч ким бўлмаган.

1-сонли шаҳар болалар поликлиникасида ҳам зарар қайд этилган, унинг иши вақтинча тўхтатилган.

«Зилзила етказган моддий зарарнинг умумий қиймати бир ҳафта ичида маълум бўлади», — дейди Солодов.

«Амур Маш» нашри хабарига кўра, зилзила пайтида Петропавловск-Камчатскийдаги Елизово янги аэропортида шифт панеллари йўловчилар устига қулаган. Аэропортдаги аёллардан бири бошидан жароҳат олган. Вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг аҳволини қониқарли деб баҳолади. Россия сайёҳлик саноати иттифоқи сайёҳлар орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилди.

Солодовнинг таъкидлашича, вилоятда соғлиқни сақлаш тизими шай ҳолатга келтирилди. Петропавловск-Камчатскийдаги зилзиладан сўнг тез ёрдам бригадаларига мурожаатлар сони кўпайган. Беморлар юқори қон босими, аритмия ва эпилепциядан шикоят қилганлар.

Вилоят онкология марказида табиий офат содир бўлган вақтда шифокорлар операция ўтказаётган эди. Улар беморни ташлаб кетмаганлар ва ёрдам беришда давом этганлар. Расмийлар шифокорларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш ниятида.

Тўртта цунами тўлқини ва Сахалиндаги оқибатлар

Зилзиладан кейин Парамушир оролидаги Северо-Курилскда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, зилзила Северо-Курилск вилоятида 4-5 магнитудада сезилган. Печка қувурлари ва вентиляцияни қисман зарар етган.

«Мўрилар машиналар устига қулаб тушди. Худога шукур, фақат машиналарга. Жабрланганлар йўқ», — дейди қутқарувчи бўлиб ишлайдиган маҳаллий фуқаро Александр.

Унинг сўзларига кўра, вайронагарчилик туфайли айрим хонадонлар яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Шу муносабат билан Северо-Курилскда Сахалинская кўчасида чодирлар шаҳарчаси ташкил этилмоқда.

Вилоят губернатори Валерий Лимаренко шаҳар электр ва сув таъминоти тармоғига зарар етган бўлиши мумкинлигини инкор этмади. Ҳозирда Северо-Курилскда электр таъминоти узилган.

Цунами хавфи эълон қилингандан сўнг, кўпчилик Алперин тепалигига ва ўт ўчириш станцияси яқинидаги тепаликка эвакуация қилинди. ТАСС хабарига кўра, жами 2700 га яқин одам, жумладан, салкам 600 нафар бола Курил оролларидаги хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Северо-Курилский туманида бир нечта цунами тўлқинлари қайд этилган. Шаҳар порти ва «Алаид» балиқчилик корхонаси сув остида қолган.

Бундан ташқари, шарқий қирғоқда жойлашган Россия география жамиятининг кичик чодир лагерини сув олиб кетди. Одамлар ўз вақтида огоҳлантирилди ва ҳеч ким жабрланмади, дея таъкидлади вилоят маъмурияти.

«Тўртта цунами тўлқини 200 м гача чайқалиш билан ўтди. Цунами хавфи бўлган ҳудудда ҳалигача цунами ҳақида огоҳлантириш ўчирилмаган – бу портга туташ ҳудудлар», — дейди туман ҳокими Александр Овсянников.

Қутқарувчи Александрнинг сўзларига кўра, цунами тўлқинларидан бирининг баландлиги тўрт метрни ташкил этган.

“Зилзилалар ҳали ҳам давом этмоқда, яъни улар тинчланмаяпти — ҳар бир неча дақиқада улар яна бошланади — ҳар хил частотада ва ҳар хил кучда”, — дейди у.

Лимаренконинг айтишича, ҳозирда силкинишлар кузатилмоқда, Сахалиндаги зилзила динамикаси пасаймоқда.

Зилзилага сабаб — қуёш фаоллигининг ошиши

Россия Фанлар академияси Ягона геофизика хизматининг Байкал бўлими директори Елена Кобелеванинг сўзларига кўра, Камчаткадаги кучли зилзила қуёш фаоллиги ошиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Мен буни қуёш фаоллиги ошиши билан боғлайдиган кўплаб ҳамкасбларимнинг фикрига қўшиламан. Биз тез-тез магнит бўронларини эълон қиламиз ва қуёш чақнашларини қайд қиламиз”, — деди у.

Камчатка зилзиласининг тасири бутун дунёда сезилган. Япония, Хитой, Индонезия, АҚШ, Перу, Мексика ва Чилида цунами ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинди. Японияда бир нечта китлар қирғоққа чиқиб кетишди.

Россия Фанлар академияси Ягона геофизика хизматининг Камчатка бўлими кучли зилзилалар камида яна бир ой давом этиши ҳақида огоҳлантирди. Уларнинг магнитудаси 7,5 баллга етиши мумкин. Бундай зилзилалар Петропавловск-Камчатскийда 5-6 балл тебранишларга ва хавфли цунамига олиб келиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?