Британиялик машҳур боксчи Энтони Жошуа автоҳалокатга учради
Видеодан кадр
Профессионал бокснинг супер оғир вазн юлдузи Энтони Жошуа Нигерияда автоҳалокатга учради. У билан бирга машинада бўлганларнинг икки нафари вафот этган.
Маълумотларга кўра, британиялик боксчи ҳаракатланаётган автомобиль душанба куни соат 11:00 атрофида Нигериядаги Лагос–Ибадан автомагистралида (Огун штати) йўл четида тўхтаб турган транспорт воситасига бориб урилган. Огун штати полиция комиссари Ланре Огунловонинг айтишича, Жошуа ва унинг ҳайдовчиси турли даражада жароҳат олган ва шифохонага олиб кетилган.

Полиция расмий баёнотида қайд этилишича, «Lexus» русумли автомобилда орқа ўриндиқда ўтирган Энтони Жошуа енгил тан жароҳати олган. Афсуски, мазкур машинада бўлган яна икки йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Марҳумларнинг жасадлари Сагаму шаҳридаги “Livewell” шифохонаси моргига топширилган. Полиция марҳумлар оилаларига таъзия билдириб, ҳодиса юзасидан тўлиқ тергов бошланганини маълум қилди.
Нигерия Федерал йўл ҳаракати хавфсизлиги корпуси маълумотига кўра, тўқнашувда жами беш нафар катта ёшли эркак иштирок этган. Улардан икки нафари ҳалок бўлган, бир киши жароҳат олган, икки нафари эса жабрланмаган. Энтони Жошуа жиддий жароҳат олган бўлиши мумкин, лекин ҳаёти хавф остида эмас.

Дастлабки хулосаларга кўра, ҳайдовчи автомобиль тезлигини меъёридан ошириб ҳаракатланган ва қувиб ўтиш қоидаларини бузган пайтида бошқарувни йўқотиб, йўл четида тўхтаб турган юк автомобилига бориб урилган. Мутасаддилар айнан юқори тезлик ва нотўғри қувиб ўтиш Нигерия йўлларидаги энг асосий ҳалокат сабабларидан эканини таъкидламоқда.
Маълумот учун, британиялик 36 ёшли Энтони Жошуа асли нигерияликлар оиласида туғилган бўлиб, Сагаму шаҳри билан яқин оилавий алоқаларга эга. У 20 декабрь куни 15 ойлик танаффусдан сўнг блогер-боксчи Жейк Полни олтинчи раундда нокаутга учратган эди. Жошуа келаси йил яна бир собиқ жаҳон чемпиони Тайсон Фьюрига қарши жанг қилиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг