Браконьерликка қарши курашиш ойлиги давом этмоқда

10:33 27 Май 2020 Жамият
809 0

Ўзбекистон Республикаси давлат экология қўмитаси ташаббуси билан шу йилнинг майи «Браконьерликка қарши курашиш ойи» дея эълон қилинган бўлиб, айни пайтда соҳа ходимлари жойларда рейдлар ва тезкор чора-тадбирлар ўтказмоқда. Зеро, кўплаб муаммоларнинг, жумладан коронавируснинг юзага келишида браконьерлик, бошқача айтганда ёввойи ҳайвонларнинг тартибсиз овланиши омил бўлиши мумкин. Шу сабабдан, ноқонуний балиқ овлаш, дарахт ва буталарни рухсатсиз кесиш ҳолатларига барҳам берилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси экология қўмитасининг Тахтакўпир тумани инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган тадбир чоғида туман ҳудудида Беруний туманилик П.А. ва Б.А. ноқонуний тарзда балиқ овлаётгани аниқланди. Мавжуд қонунларга асосан улардан 4 миллион 258 минг сўм жарима ундириладиган бўлди.

Элликкқала туманида яшовчи У.А., С.А., Х.А. ва О.А. томонидан эса 310 дона тўронғил дарахти чопиб ташлангани маълум бўлди. Энди уларнинг ҳар бири Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, 1 миллион 115 минг сўмдан жарима, табиатга келтирган зарари учун эса 21 миллион 341 минг 100 сўм тўлайди.

Умуман, 1-20 май кунлари давомида ўтказилган тадбирлар пайтида ноқонуний ов қилиш ва балиқ овлаш бўйича 15 факт аниқланиб, улар бўйича 102 миллион 436 минг 500 сўмлик жарима ундирилди. Ушбу даврда ўсимлик дунёсига зарар келтириш борасида 33 ҳолат фош этилиб, 31 миллион 666 минг сўмлик жарима, табиатга келтирилган зиён учун эса 77 миллион 472 минг 900 сўм ундирилди.

Ойлик доирасидаги чора-тадбирлар давом этмоқда.

Ҳидоят АҲМEДОВ,
"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?