Бозор механизмлари эркин ва шаффоф ишласа...

11:23 19 Февраль 2026 Жамият
208 0

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Бу босқичда иқтисодиётни чуқур ва изчил модернизация қилиш, хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоялаш, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда албатта, тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, монополияларни чеклаш, бозор иштирокчилари учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш ҳамда бозор механизмларининг эркин ва шаффоф ишлашини йўлга қўйиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Отабек Усмонов фикрлари билан қизиқдик.

—Ички бозорда очиқ ва адолатли рақобат тизимини таъминлаш мамлакат тараққиётининг энг муҳим шарти,— дейди Отабек Усмонов. — Бу миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти тамойиллари билан уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2025 йил 28 февралдаги ПФ–35-сонли Фармонига мувофиқ, эксклюзив ҳуқуқлар фақат алоҳида истисно ҳолатларда, жумладан жамоат хавфсизлиги, аҳоли соғлиғини сақлаш, миллий мудофаа манфаатлари, табиий офатлар ёки эпидемиялар даврида ва қатъий тартибда уч йилдан ошмаган муддатга берилиши белгиланган. Шу билан бирга, тендер ва рақобат асосида берилган лицензиялар эксклюзив ҳуқуқ сифатида эътироф этилмаслиги аниқ ҳуқуқий нормалар билан мустаҳкамлангани бугун тадбиркорларимиз учун қўл келмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу ёндашув давлат бошқаруви тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақобат муҳитини кенгайтириш ҳамда давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида тенг шарт-шароитларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармон ижросини таъминлаш доирасида Рақобат қўмитаси томонидан “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти, “ЎзИнжиниринг”, “Миллий PR-маркази”, “Sag agro МТП” ҳамда “Ўзбекистон стандартлар институти” каби 5 та корхонанинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинди. Натижада қарийб 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари учун бозорга киришда тенг ва адолатли шарт-шароитлар яратилди, давлат монополиясини қисқартириш йўлида муҳим қадам қўйилди ҳамда хусусий сектор фаолиятини кенгайтириш учун янги имкониятлар эшиги очилди.

Рақобат қўмитаси ташаббуси билан эксклюзив ҳуқуқ эгалари фаолиятига нисбатан қўшимча ва қатъий ҳуқуқий талаблар жорий этилганини ҳам алоҳида тилга олиш жоиз. Жумладан, эксклюзив ҳуқуққа эга бўлган корхоналар томонидан истеъмолчилар манфаатларини камситиш, асоссиз равишда ортиқча нархлар белгилаш, шартнома тузишдан бош тортиш ёки сунъий тўсиқлар яратиш каби рақобатни чекловчи ҳаракатларга йўл қўймаслик қонунчилик нормалари билан аниқ ва равшан тарзда мустаҳкамланди.

Шунингдек, мазкур талабларни бузган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан маъмурий ҳамда молиявий жавобгарлик чораларини қўллаш амалиёти тизимли равишда йўлга қўйилди. Бу эса бозор муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим институционал механизм сифатида намоён бўлди.
      Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, Рақобат қўмитаси томонидан ўтган вақт давомида 80 га яқин хўжалик юритувчи субъектнинг бозорда устун музокара кучига эгалиги эътироф этилди ҳамда уларнинг барчасига нисбатан устун мавқе субъектлари учун назарда тутилган қатъий талаблар татбиқ этилди.

Шу билан бирга, табиий монополия субъектларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича мутлақо янги ёндашув жорий қилинди. Унга мувофиқ, асосий фаолияти табиий монополия шароитида амалга оширилмайдиган 56 та корхонанинг табиий монополия мақоми бекор қилинди. Шунингдек, почта хизматлари, электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш соҳаларида рақобат муҳити шакллангани инобатга олиниб, 6 та хизмат тури табиий монополия сифатида эътироф этиш амалиётидан чиқарилди.

Айни пайтда, бозорнинг хусусиятлари ва технологик омиллардан келиб чиққан ҳолда 5 та корхона табиий монополия субъекти сифатида қайта эътироф этилди. Натижада, табиий монополия субъектлари сони 2023 йилга нисбатан 42 фоизга қисқариб, иқтисодиётда рақобат муҳитини кенгайтириш ва бозор механизмларини эркинлаштириш йўлида муҳим институционал ўзгаришлар амалга оширилди.

Аҳоли учун дори воситаларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида ушбу соҳада давлат томонидан тартибга солиш механизмлари сезиларли даражада такомиллаштирилди. Хусусан, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб рецепт асосида бериладиган дори воситалари учун улгуржи савдодаги устама 15 фоиз, чакана савдодаги устама эса 20 фоиздан ошмаслиги қатъий белгилаб қўйилгани бугун ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Шу билан бирга, референт нархи белгиланмаган дори воситаларини сертификатлаштириш амалиёти тақиқланди, бу эса бозорда асоссиз нарх ошишининг олдини олишга қаратилган муҳим чора бўлди.

Олиб борилган мониторинг ва ўрганишлар натижасида 2025 йил давомида қарийб 767 та дорихонада қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ҳамда 7 миллиард 900 миллион сўм миқдорида асоссиз олинган даромадлар бўйича ортиқча маблағларни истеъмолчилар фойдасига қайтариш чоралари кўрилди. Бу эса дори воситалари бозорида қонун устуворлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни тиклашга хизмат қилмоқда.

Фахриддин БОЗОРОВ

(“Халқ сўзи”) ёзиб олди

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?