Бош прокуратура Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарлангани юзасидан баёнот берди

10:13 29 Сентябр 2025 Жамият
163 0

Видеодан кадр

Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланиши юзасидан олиб борилаётган тергов ишини синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди. Идора матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда қайд этилишича, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Расмий баёнотда келтирилишича, тергов давомида ушбу ҳудудларда аутсорсинг корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган барча мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши, ташхис-даволаш ишлари ташкил этилган.

Ҳозирда, тиббий ёрдам кўрсатилган болалар орасида оғир ва ўта оғир даражада касалланганлар мавжуд эмас, вазият шифокорларнинг тўлиқ назоратида.

«Юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишини олдини олиш мақсадида прокуратура органлари томонидан барча давлат мактабгача таълим муассасаларига аутсорсинг шартномаси асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилиши аҳволи юзасидан ўрганиш ишлари ташкил этилди», дейилади БП баёнотида.

Таъкидланишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, унинг якуни бўйича оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ ва Оққўрғон туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатлари аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?