Болаларни «акиллатиб» даволамоқчи бўлган дефектологга жиноят иши очилди

14:04 15 Июль 2025 Жамият
300 0

Ижтимоий тармоқларда болаларни «акиллатиб», турли сўкиниш ва қўрқитиш усулида гўёки даволашга уринган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.

Аввалроқ ўзини гўёки дефектолог-психолог деб атаган Д.Ж дудуқланган болаларни сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видеохабар бўйича Болалар омбудсмани 2024 йилнинг якуни ва 2025 йил январь ойида ўрганиш олиб бориб, бу ҳақда жамоатчиликка маълумот берганди.

Қайд этилишича, омбудсман Д.Ж нинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўрови асосида малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижасида, педагог Д.Ж нинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда эканлиги, Д.Ж нинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.

Бунинг асосида Болалар омбудсмани томонидан прокуратура органларига ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида сўров киритилган ва Д.Ж га нисбатан жиноят иши юритуви олиб борилган.

Шунга қарамасдан, Д.Ж аввалгидек дудуқланиши бўлган болалар билан ўзининг илмий асосланмаган, дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани кузатилди.

Шундан сўнг, Д.Ж нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2025- йилнинг 2 июнь куни Болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров юборди. Натижада 25.06.2025 йилда Тошкент шаҳар, Юнусобод туман прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор (17.04.2025 йилда чиқарилган) бекор қилиниб, иш ҳужжатлари тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.

Жорий йилнинг 4 июль кунида эса тергов бўлими томонидан Д.Ж нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?