ННТнинг “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусидаги Миллий форуми ўтказилди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Бугун, 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги ҳамда қатор манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади — инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш йўналишида давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини ривожлантириш ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришдан иборат.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.
Форум аввалида 2024 йилда ўтказилган Миллий форум якуний ҳужжати натижаларига тўхталиб ўтилди. Хусусан, форум иштирокчилари томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштириш, давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона электрон платформани тўлиқ ишга тушириш бўйича таклифлар илгари сурилган эди. Натижада жорий йил 21 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, давлат органларига жамоатчилик назорати натижалари бўйича хулосаларни кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди. Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтларига давлат буюртмалари бериш ҳамда ташаббусли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилди.
Қолаверса, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона электрон платформа тўлиқ ишга туширилиб, жорий йилнинг ўзида тўртта грант танловлари ўтказилди.
Форум ялпи мажлисида сўз олганлар бу ўзгаришлар давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ННТларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини янада кучайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, форумда мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли ва изчил характер касб этаётгани қайд этилди. Жумладан, 2020–2025 йиллар давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг ижроси юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистоннинг еттита миллий маърузаси тақдим этилди. Уларнинг тавсияларини амалга ошириш мақсадида еттита Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинган ва изчил ижро этилмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда мамлакат вакили илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзолигига сайланди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ёшлар ва болалар ҳуқуқларига оид бешта муҳим резолюцияни қабул қилди.
Қолаверса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётига жорий этиш юзасидан ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Нельсон Мандела қоидалари” миллий қонунчиликка татбиқ этилди ва БМТ тавсияларига асосан “Омбудсман плюс” моделида миллий превентив механизм такомиллаштирилмоқда.
Форумда миллий экспертлар ҳамда фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давомийлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасида давлат органлари ва ННТларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш ҳамда ривожланиш истиқболларига оид масалалар юзасидан тематик шўъба мажлисларида маърузалар қилинди ва иштирокчилар ўртасида кенг фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Шунингдек, форум давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ҳамда Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Форум якунида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини амалий татбиқ этишга оид тавсиялар қабул қилинди. Таъкидланганидек, бундай мулоқот майдонлари фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги иштироки, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Миллий форум давомида муҳокама қилинган ва хулоса қилинган барча масалалар натижаси бўйича инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклигини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг